Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Юртимиз бўйлаб бу йил илк бор нишонланаётган ушбу сана "Ҳосил байрами" тадбирлари билан уйғунлашган ҳолда ўтмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардан пойтахтимизга ташриф буюрган аграр соҳанинг энг илғор вакиллари Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйди.
– Инсон учун тинчлик ва тотувликдан кўра қадрлироқ неъмат йўқ, – дейди Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги “Боғот” фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Шарифбой Ражабов. – Бугун биз эришаётган ютуқлар ана шу буюк неъматлар шарофатидан. Айниқса, Президентимизнинг қишлоқ хўжалигига, тадбиркорликни, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга доир саъй-ҳаракатлари, соҳага бўлган юксак эътибор ўз самарасини бермоқда. Бугун барчамизда ислоҳотларимизга дахлдорлик ҳисси, меҳнатимиз самарасига бўлган ишонч ортмоқда. Бу жиҳатлар деҳқону фермерларимизнинг чин меҳнати туфайли мўл ҳосил етиштирилаётганида ҳам яққол намоён. Бугунги байрамлар бизни янада руҳлантириб, янгича руҳда меҳнат қилишга ундайди.
Тадбирлар иштирокчилари Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрди.
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, пировардида қўл меҳнатини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Германия, Россия, Туркия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари самара бермоқда.
Аграр соҳа вакиллари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Мазкур техникаларни сотиб олиш усуллари, фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлиги ҳақида маълумотга эга бўлди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари “Ўзкўргазмасавдо” марказида ташкил этилган асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси билан танишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор билан Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси тузилди. “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиш режалаштирилган, Фарғона давлат университетида зоотехника факультети ташкил этилади. Пировардида сифатли асал ва асал маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиб, экспорт кўлами кенгаяди.
Асал байрамига ташриф буюрган меҳмонлар мутахассислар билан соҳанинг нозик сирлари, ҳосилдорликни ошириш ва тармоқни кенгайтириш истиқболлари борасида фикр алмашди.
Байрам иштирокчилари Тошкент вилоятидаги илғор қишлоқ хўжалиги субъектлари билан танишди.
Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўзбегим отлари» от заводида парваришланаётган қадимий от зотлари – ахалтака тулпорлари дунёга машҳур саналади. Бугунги кунда мазкур от заводида 400 га яқин ахалтака, инглиз ва араб зотли отлар бор.
Мамлакатимизда йилқичилик ва от спорти жадал ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Болалигимдан от боқишга қизиқаман. Шу боис, фермерлик фаолиятимда ҳам йилқичиликка эътибор қаратмоқдамиз, – дейди Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги "Орол неъматлари" фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Неъматов. – Бугунги кунда хўжалигимизда ғалла ва пахта етиштиришдан ташқари, балиқчилик, асаларичилик билан шуғулланмоқдамиз. Шунингдек, 150 от, 450 қорамол, 300 қўй боқилаётир. Келажакда зотдор отларни кўпайтириш ниятидамиз. "Ўзбегим отлари" от заводида бу борада керакли маълумотларни олдик, ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларини тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан тақдирланган соҳанинг илғор вакилларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов юксак давлат мукофотларини тантанали топширди.
– Меҳнатларим бундай нуфузли мукофотга муносиб кўрилганидан хурсандман, – дейди «Шуҳрат» медали соҳиби, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани «Сангзор парранда» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Диёр Бозоров. – Жорий йилда 1 миллион 500 минг долларлик тухум экспорт қилдик. Корхонамизда етиштирилган 190 минг бош 90 кунлик жўжа буюртма асосида фермер хўжаликларига етказиб берилди. Бугунги рағбат бизни янги марралар сари янада руҳлантиради. 2018 йил 20 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Шунда 5 миллион долларлик тухумни экспортга чиқариш имконига эга бўламиз.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари Тошкент шаҳридаги музейларда бўлди, театрларда спектакллар томоша қилди.
Сайёра Шоева, Улуғбек Асроров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА