Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 9 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Тадбирни видеоселектор орқали 157 мингдан зиёд соҳа ходимлари кузатиб борди.
Давлатимиз раҳбари барча йиғилганларни юртимизда биринчи маротаба нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан муборакбод этди.
Миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари дунёдаги энг шарафли касб эгаларидир. Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса қанчалик тотли ва ширинлигини ҳамма яхши билади. Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғ-роғлар, дастурхондаги турли ноз-неъматлар, тўю-томоша, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади.
Президентимиз айтганларидек, деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчидир. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир” деб, миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев йил якунига етаётган ҳозирги паллада аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келаси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалиги шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан зиёд йўналишда самарали фаолият юритмоқда. Кейинги икки йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 45 фоиз кўпайиб, уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб иш ўринлари яратилди.
Жорий йил мамлакатимизда 8 миллион 377 минг тонна ғалла, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилди.
Мамлакатимизда биринчи марта шафран экиш йўлга қўйилди, соя экиш кенгайди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 856 миллион долларлик 724 минг тонна ҳўл мева хорижга сотилди.
Чорвачилик тармоғини ривожлантириш дастурлари доирасида балиқ, асал етиштириладиган, парранда, эчки, қорамол боқиладиган кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилди. Зотдор қорабайир отларини кўпайтириш ва от спортини ривожлантириш мақсадида Қашқадарёда янги йилқичилик комплекси ташкил этилди. Тошкент вилоятида ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай мажмуалар барпо этилмоқда.
Балиқчилик соҳасини тиклаш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Унинг тизимига 3 минг 600 балиқчилик хўжалиги киритилди. Жорий йилда 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди.
Яна бир муҳим йўналиш – асаларичилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташкил этилиб, унга асал етиштирадиган 14 мингдан ортиқ тадбиркор аъзо бўлди.
Сув ресурслари чекланган минтақамизда деҳқончилик қилиш анча оғир ва машаққатли. Шу боис сув тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ташаббускори бўлган хўжалик ва ташкилотларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиб берилмоқда. Натижада бугунги кунда қарийб 240 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар, жумладан, 28 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди.
Лекин бу ютуқлар хотиржамлик учун асос бўлолмайди, албатта, деди Президентимиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд.
Аввало, ердан унумли фойдаланиш ва уни талон-тарож қилишнинг олдини олиш – энг муҳим вазифалардан биридир. Мамлакатимизда суғориладиган ерлар атиги 3 миллион 300 минг гектар бўлиб, уни кўпайтиришнинг иложи йўқ.
Яна бир муаммо – суғориш иншоотлари эскириб, тармоқлар яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда. Оқибатда 830 минг гектар ерни суғоришда қийинчиликлар юзага келмоқда.
Аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан талаб даражасида таъминлаш ҳам энг асосий вазифалардан. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бунга эришиш учун қўшимча зотдор қорамол боқишни йўлга қўйиш, парранда боқишга мўлжалланган хўжаликларни кўпайтириш керак.
Шунингдек, мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, сифатли тарзда аҳолига етказиш, имкон қадар кўпроқ қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишларини янада фаоллаштириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Бугунги кунда юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг атиги 15 фоизи қайта ишланади, 8 фоизи экспорт қилинади, холос. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг салоҳиятига мос эмас.
Мамлакатимиз бўйича 445 минг гектар энг унумдор ер аҳолига томорқа сифатида берилган. Лекин ундан фойдаланиш талаб даражасида эмас. Томорқада цитрус мевалар етиштиришга мўлжалланган ихчам иссиқхоналар барпо қилиш, ёнғоқ, унаби ва бошқа кўчатлар етиштиришни йўлга қўйиш яхши фойда келтиради.
Қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳолатини яхшилаш ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Мамлакатимиздаги 146 минг 295 дона қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи бутунлай эскирган. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлар боғ ва токзорларга ишлов бериш, сабзавот экиш, парваришлаш ва йиғиб олишга мўлжалланган техника билан 34 фоизгина таъминланган, холос. Бу эса меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда илм-фан ҳаёт талабларидан орқада қолаётгани жиддий муаммолардан биридир. Шу муносабат билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли илмий-тадқиқот институтлари аграр фан ва селекцияни ривожлантириш, илғор агротехнологияларни ишлаб чиқариш ва амалиётга жорий этиш, ҳар бир ҳудудда тупроқ ва иқлим шароитига мос экин навларини яратиш ва жойлаштириш борасидаги ўрни ва ролини кескин ошириш лозимлигини қайд этди.
Бу илмий муассасаларнинг моддий-техник базаси замонавий тадқиқотларни амалга ошириш имконини бермайди. Замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмайди. Айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта.
Давлатимиз раҳбари бу ҳолатларнинг барчасини ҳисобга олиб, соҳага илмий ёндашувни йўлга қўйиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш учун Ветеринария институти ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Терини қайта ишлаш соҳаси ҳам жиддий эътибор талаб қилади. Мамлакатимизда 12 миллион донадан зиёд терини йиғиш, чуқур қайта ишлаш, юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш бўйича ишларни фаоллаштириш мақсадга мувофиқдир.
Президентимиз мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришни илмий асосда йўлга қўйиш мақсадида Паррандачилик илмий марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Маълумотларга кўра, халқимизни энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири бўлган картошка билан тўла таъминлаш учун йилига ўртача 50 минг тонна сифатли картошка уруғини етиштириш талаб этилади. Шавкат Мирзиёев бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Фермер хўжаликларида ердан унумли фойдаланиш, даромад ҳажмини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш зарур. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2 миллион 626 минг гектар майдоннинг умумий узунлиги 385 минг километр бўлган чекка қисмларида сабзавот ва полиз экинлари экишни йўлга қўйиш орқали 415 минг тонна қўшимча маҳсулот етиштиришга эришиш мумкин. Ҳар бир фермер хўжалиги даласида бир бошдан, жами 14 минг соғин сигир, 21 минг 125 фермер хўжалигининг ҳар бирида 50 бошдан, жами 1 миллион 57 минг парранда, 66 минг фермер хўжалигининг дала четларида 329 минг қути асалари боқиш ҳисобидан 7 минг 200 тонна асал етиштириш имконияти мавжуд.
Жиддий ёндашувни талаб этадиган яна бир масала – енгил саноат корхоналарини сифатли тола билан таъминлаш. Маълумотларга кўра, шу муносабат билан 2018 йилда 1 миллион 200 минг тонна пахта толасини юртимизда тўлиқ қайта ишлаб, хорижга фақат тайёр маҳсулот экспорт қилишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалигининг юқори самарадорлигини таъминлаш учун барча даражадаги раҳбарлар, айниқса, туманлардаги 4 сектор раҳбарлари масъулиятини ошириш талаб этилади. Барча раҳбарлар қишлоқ хўжалиги масалалари, яъни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббус кўрсатиб ишлаши, энг муҳими, натижадорликка эришмоғи шарт.
Анжуманда Президентимиз ушбу қутлуғ байрам арафасида аграр соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган, юртимиз қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган, бу борада ўзига хос мактаб яратган фидойи юртдошларимиздан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганини эълон қилди, уларни тантанали равишда эгаларига топширди.
Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари томонидан айтилган режа ва дастурларни амалга ошириш учун ўзларида куч ва имконият, билим ва тажриба етарли эканини, юрт равнақи йўлида ғайрат билан меҳнат қилишларини таъкидладилар.
Анжуман якунида Ўзбекистон санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Фарҳод Қурбонбоев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА