Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Байрам иштирокчилари қишлоқ хўжалиги субъектлари билан танишмоқда
2017-12-08 | Жамият
Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтаётган тадбирлар иштирокчилари Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводида ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрди.
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, пировардида, қўл меҳнатини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Германия, Россия, Туркия, Беларусь каби ўнга яқин мамлакат билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари яхши самара бермоқда.
Аграр соҳа вакиллари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Мазкур техникаларни сотиб олиш усуллари, фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлиги ҳақида маълумотга эга бўлди.
Тадбир иштирокчилари “Ўзкўргазмасавдо” марказида жорий йил 1-10 декабрь кунлари бўлиб ўтаётган асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси фаолияти билан танишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор билан Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси тузилди. “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиш режалаштирилган, Фарғона давлат университетида зоотехника факультети ташкил этилади. Пировардида, сифатли асал ва асал маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиб, экспорт кўлами кенгаяди.
Асал байрамига ташриф буюрган меҳмонлар мутахассислар билан соҳанинг нозик сирлари, ҳосилдорликни ошириш ва тармоқни кенгайтириш истиқболлари борасида фикр алмашди.
Аграр соҳа вакиллари Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўзбегим отлари» от заводи фаолияти билан танишди.
Бу ерда парваришланаётган қадимий от зотлари – Ахалтака тулпорлари дунёга машҳур саналади. Бугунги кунда мазкур от заводида 400 га яқин Ахалтака, инглиз ва араб зотли отлар бор.