Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Термиз” МФЙда замонавий маҳалла гузари фойдаланишга топширилди
2017-12-08 | Жамият
Термиз туманидаги “Термиз” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий маҳалла гузари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу маҳалладаги 849 оилада турли миллатга мансуб 3 минг 490 дан ортиқ аҳоли аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Гузарда барча шароитга эга маҳалла идораси, ижтимоий дорихона, тиббиёт пункти, савдо дўкони ва сартарошхона, профилактика инспекторининг хизмат уйи қурилган.
Замонавий усулда жиҳозланган маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносида ходимлар ва профилактика инспектори учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ мажлислар зали ва бошқа хоналар ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.
Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА