Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навоий шаҳрида замонавий бошланғич таълим муассасаси фойдаланишга топширилди
2017-12-08 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида Навоий шаҳридаги 27-мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Навоий шаҳар ҳокими У.Халилов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Г.Аслонова ва бошқалар мамлакатимизда таълим тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, мактаб ёшигача бўлган даврда боланинг дунёқараши ва тасаввурини кенгайтириш, турли хорижий тиллар ва фанлардан бошланғич билимини шакллантиришда олий маълумотли, тажрибали педагог кадрлар кенг жалб этилиши юксак самаралар бермоқда. Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Жорий йилда вилоятда 4 мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилиниб, 6 таси капитал таъмирдан чиқарилди. 2018 йилда 10 мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш режалаштирилган.
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА