Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сумиэ санъатининг ўзига хос жозибаси
2017-12-08 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Бош қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан очилган ҳисобот кўргазма япон сумиэ рассомлик санъати гуруҳи аъзоларининг ижодий изланишларига бағишланди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмага мусаввирлар, санъатшунослар, тасвирий санъат ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди.
Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби Ф.Обиджонова ва бошқалар икки давлат ўртасидаги ўзаро дипломатик алоқалар санъатда, хусусан, тасвирий санъатда ҳам янада ёрқинроқ ифодасини топаётганини таъкидлади.
Сумиэ рассомлик санъати Японияга XIV асрда кириб келган. Дастлаб аристократ ва самурайлар ўргана бошлаган бу санъат “суми” – тушь, “э” – тасвир, яъни “тушда чизаман” деган маънони англатади. Ҳозирги кунда сумиэ санъатининг ижодкорлари дунё бўйича кўпчиликни ташкил этади.
Карвон саройда фаолият кўрсатаётган япон сумиэ санъати гуруҳининг йигирмага яқин аъзоси бор.
Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА