Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон Президенти Бухоронинг қадимий меъморий обидалари билан танишди
2017-12-06 | Сиёсат
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрининг тарихий марказига ташриф буюрди.
Мазкур марказ қадимий ва кўп асрлик тарихга эга, етти иқлимга машҳур меъморий обидаларни ўз ичига олган.
Меҳмонлар кўҳна Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси таркибига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди. 10 минг кишига мўлжалланган Масжиди Калон тарихи, бинонинг меъморий улуғворлиги, ибодатчилар учун яратилган қулайликлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Афғонистон делегацияси аъзолари Когон тумани ҳудудида жойлашган буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шунинг билан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.
Манба: ЎзА