Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон Президенти Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди
2017-12-05 | Сиёсат
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Тошкентдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасига ташриф буюрди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тарихий обидаларни асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўрди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Манба: ЎзА