Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлик «Siemens» компанияси билан меморандум имзолади
2017-11-16 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида 15 ноябрь куни «Siemens AG» концернининг Мюнхенда жойлашган бош қароргоҳида бўлиб, унинг Россия ва Марказий Осиё бўйича президенти Ази Рольанд Буш билан учрашди.
Учрашув чоғида томонлар «Хавфсиз шаҳар» контсепсиясини амалга оширишда икки томонлама ҳамкорлик қилишни муҳокама қилиб, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Siemens» ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Хусусан, мазкур йўналишда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг комплекс ечимини жорий қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва транспорт хўжалигини эвакуация қилиш тизимини яратишда АКТ дан фойдаланиш, шунингдек электр тармоқларида «ақлли тармоқлар» (Smart Grid) технологиясидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилинади.
“Инновация ва рақамлаштиришда катта тажрибага эга муассаса сифатида биз Ўзбекистон билан саноатни, шаҳар инфратузилмаси ва энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида замонавий технологияларни жорий қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Мисол учун, «интернет буюмлари» тенденцияси учун биз таклиф қилаётган операцион тизимлар бугунги кунда шаҳарлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қулайлигини, шунингдек рақобатбардошлик ва барқарор тараққиётни оширишда муҳим аҳамиятга эга”, дейди «Siemens AG» бошқаруви аъзоси Рольанд Буш.
Ҳамкорлик доирасида "Siemens" компаниясининг бошқа йўналишлардаги муваффақиятли ишланма ва технологияларини ўрганиш ҳам кўзда тутилган. Бу борада етакчи экспертлар иштирокида ўқувлар, машғулот-семинарлар, конференциялар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги