Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Илғор тажрибаларни ўрганиш йўлида
2017-12-01 | Таълим
Пойтахтимизда Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 29 ноябрь–1 декабрь кунлари Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Таълим маркази билан ҳамкорликда семинар ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Корея Республикасига қилган давлат ташрифи доирасида имзоланган кўпгина битим ва келишувлар билан бирга таълим сифатини ошириш мақсадида юртимизда ушбу давлатнинг ўқитишга оид илғор тажрибаларини жорий этиш масаласига эътибор ҳам қаратилган эди.
Семинарнинг тантанали очилиш маросимида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Таълим маркази директори Ким Бом Су ва Корея Республикаси Таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Чой Чун Ха икки давлат ўртасидаги таълим соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар самаралари, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган келгусидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Семинар иштирокчилари 10 та кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда, педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, ахборот-коммуникация технологияларини ўқитиш ва амалиётда қўллаш, мультимедиа маҳсулотларини яратиш, таълим сифатини мониторинг қилишдаги мезонларни ишлаб чиқиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш, таълимни бошқаришни ташкил этиш каби йўналишлар бўйича хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш имконияти яратилади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълим марказининг масъул ходимлари Корея Республикаси Таълим вазирлигининг мутахассислари билан илғор иш тажрибалари хусусида ўзаро фикр алмашишди.
Ташкил этилган ушбу семинар Ўзбекистонда таълим сифатини янада ошишига ва келгусида икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги