Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон «FAST TEXTILE 2017» тўқимачилик кўргазмасида
2017-12-01 | Иқтисодиёт
Варшавада бўлиб ўтган «FAST TEXTILE 2017» Халқаро тўқимачилик кўргазмасида дунёнинг 70 мамлакатидан 300 дан зиёд компания, жумладан, Ўзбекистон вакиллари қатнашдилар.
Кўргазмада тармоқда қўлланиладиган турли ускуналар, ранг-баранг газламалар, калава, тўқимачилик саноати учун ёрдамчи материаллар ва бошқа маҳсулотлар намойиш қилинди.
Республикамиз индустриясидаги сўнгги тамойиллар ва янгиликларни ўзида акс эттирган 80 та экспонат Ўзбекистон тўқимачилари намойиш этган миллий бўлма пештахталаридан жой олди.
Ушбу халқаро тадбир чоғида мамлакатимиз вакиллари қатор етакчи компаниялар билан ип-газлама маҳсулотлари, калава, пахмоқ ва тайёр тўқимачилик буюмлари етказиб бериш юзасидан музокаралар ўтказишди.
Полшанинг «Polhim Sp.z.o.o» компанияси ва «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги ўртасида бўлиб ўтган учрашувларнинг якунлари бўйича ягона қўшма омбор барпо этиш воситасида ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Полшага ҳамда Европа мамлакатларига илгари суриш ва етказиб бериш бўйича биргаликда иш олиб бориш ҳақидаги Меморандум имзоланди.
Кўргазма доирасида Полша компаниялари билан 2018 йилда тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳаммаси бўлиб қарийб 6 миллион АҚШ доллари ҳажмига тенг бўлган шартнома-дастлабки аҳдлашувлар тузилди.
Бундан ташқари, Варшава ҳамда Лодз шаҳарларида Ўзбекистон тўқимачилик савдо уйларини барпо этиш юзасидан биргаликда иш олиб боришга ҳам келишиб олинди.
Экспозиция доирасида бу соҳада тажриба алмашиш ва бизнес юритиш бўйича конференция ва семинарлар ҳам уюштирилди. Кўргазманинг айрим ташкилотчилари ва қатнашчилари «Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ушбу халқаро тадбирдаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.
Масалан, «FAST TEXTILE 2017» кўргазмаси ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари М.КорчинскиЎзбекистон бўлмаси тадбирнинг кўп сонли иштирокчилари ва меҳмонлари эътиборини ўзига тортганини таъкидлади.
- Кўргазма биз учун турли мамлакатлар маҳсулотларини танитиш ва илгари суришдаги асосий воситалардан бири ҳисобланади, - деди у. - Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз энг илғор тўқимачилик ишланмаларини намойиш этишди, улар Корея, Туркия, Хитой ва соҳанинг бошқа йирик ишлаб чиқарувчилари экспонатлари билан рақобат қилади. Биз бугунги кунларда Ўзбекистонда сифатли, рақобатбардош ва талаб-эҳтиёж мавжуд бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганига ишонч ҳосил қилдик.
Зигмунд Сибулски, Полшадаги TEX-POL компанияси раҳбари:
- Биз 15 йилдан буён ўзбек шерикларимиз билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Улар маҳсулот етказиб берувчи сифатидаги ўз мажбуриятларини доимо ўз вақтида ва бекаму кўст бажаришади. Кўргазмада Ўзбекистон намойиш этган маҳсулотлар енгил саноат буюмларини илгари суриш нуқтаи назаридан ранг-баранг ва истиқболли мамлакат сифатида мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди. Полша тўқимачилари Ўзбекистон савдо уйининг очилишидан жуда манфаатдордир.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги