Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижодкорларни изланишга ундаган фестиваль
2017-12-01 | Жамият
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида "PROlogue" – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III фестивали ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур киноҳафталик ёрқин ва ранг-баранг тадбирларга, ижодий учрашувларга, ижодий мулоқотларга бой бўлди.
Тадбирда ёшлар камолоти йўлида кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳаёт йўлини кино санъати билан боғлаган йигит-қизлар фаолиятида ҳам яққол акс этаётгани таъкидланди.
Бу жиҳатлар ёш киноижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳоратини ошириш, билимларини бойитиш ва кенгайтиришга қаратилган "PROlogue" фестивалида ҳам ўз ифодасини топди. Жорий йилги фестивалнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда ташкил этилгани мазкур ҳафталикка тобора кўпроқ кино мухлисларини жалб этишда, ранг-баранг тадбирларда иштирок этувчи йигит-қизлар, мутахассислар, тадқиқотчилар қамровини тобора кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Киноҳафталик дастуридан ўрин олган фотокўргазмалар, илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Тажрибали режиссёрлар иштирокида бўлиб ўтган маҳорат сабоқларида ёшлар бадиий-ғоявий жиҳатдан мукаммал фильм, сценарийнавислик, замон қаҳрамонини экранда акс эттириш, адабиёт ва миллий кинематография уйғунлиги, бугунги глобаллашув даврида киноижодкорнинг вазифаси каби мавзуларида ўз билимларини янада бойитди.
Ёшлар тақдим этган юзга яқин фильм орасида саралаш комиссияси томонидан энг муваффақиятли деб топилган 15 та картина фестивалда иштирок этиш учун тавсия этилган эди. Ҳафталик дастуридан ўрин олган ушбу фильмлар фестиваль ҳакамлар ҳайъати томонидан батафсил таҳлил этилди.
Фестивалда "Энг яхши режиссёр" номинациясида Ҳасан Алижонов "Аквариум" фильми учун ғолиб топилди. Мафтуна Аллоқулованинг "Хоразм – жонгинам" картинаси "Энг яхши сценарий" номинациясида муваффақият қозонди. "Энг яхши операторлик иши учун" номинацияси бўйича ғолиблик "Лимузин" фильми тасвирчиси Бахтиёр Отабоевга берилди. "Энг яхши эркак роли" номинацияси "Устунсиз уй" фильмидаги ижроси учун Фотиҳ Насимовга топширилди. Ойпарча Абдуллаева "Дилемма" картинасидаги роли учун "Энг яхши аёл роли" номинациясида ғолиб бўлди.
Фестивалнинг бош совринига – "Энг яхши қисқа метражли фильм" номинациясида Мухлиса Азизова "У" картинаси учун муносиб топилди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт кечага файз бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев иштирок этди.
Манба: ЎзА