Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Демократик жамият барпо этишнинг ҳуқуқий кафолати
2017-12-01 | Жамият
Тошкентда 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган “Демократик ҳуқуқий давлат қуришда Конституциянинг роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз парламенти аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар ва идоралар, илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Корея Республикаси, Россия, Туркия, Индонезия, Арманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг конституциявий судлари ва конституциявий назоратни амалга оширувчи органлари раҳбарлари ва мутахассислари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Халқаро конференцияда халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашдаги роли ва аҳамиятини очиб бериш, ривожланган демократик давлатлар конституционализми тажрибасини ўрганиш истиқболлари хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ж.Макгрегор ва бошқалар мустақил тараққиёт йилларида Ўзбекистон эришган улкан ютуқ ва марралар, юртимиз тараққиётининг жадал суръатлари Конституциямизнинг ҳаётийлиги ва салоҳиятидан, унда мужассам бўлган принциплар ва нормалар пухта ўйланганидан далолат эканини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳалар изчил ислоҳ қилинаётгани, халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйилгани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти Асосий қонунимиз принципларини ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этишга, жумладан, Конституциянинг 2-моддасида белгиланган давлатнинг халқ иродасини ифода этиши ва унинг манфаатларига хизмат қилишини назарда тутувчи норманинг амалга оширилишига хизмат қилмоқда.
Конституцияга мувофиқ давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳаларидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хорижий экспертлар қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш билан бирга, инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратган. Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этади.
Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Зухту Арслоннинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида нишонланаётганида катта маъно мужассам. Зеро, Асосий қонунимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро тажриба билан бирга ўзбек миллий давлатчилиги тарихида эришилган ютуқларга, хусусан, Амир Темурнинг «Куч – адолатдадир» деган халқчил шиорига монанд қабул қилинган. Бу Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнларини юксак босқичга кўтариш, жамиятда ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларини таъминлашда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА