Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тарғибот-ташвиқот ишлари бошланди
2017-12-01 | Жамият
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари иштирокида партия Тошкент шаҳар кенгаши сайловолди штабининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Ёқубов ва бошқалар жорий йил 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловни юксак савияда ташкил этиш, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини самарали йўлга қўйиш, сайловларнинг очиқ ва ошкоралик, соғлом рақобат муҳитида ўтишини таъминлаш асосий вазифалардан эканлигини таъкидлади.
Тадбирда сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш ҳамда номзодларнинг ишончли вакиллари зиммасидаги вазифаларга эътибор қаратилди.
Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳоли турли қатламларининг мақсад-муддаолари ва манфаатларини ифодаловчи жамоат ташкилоти – сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Сиёсий партияларсиз мамлакатимизда вакиллик демократиясини тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки айнан партиялар орқали фуқаролар ўз вакилларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширади.
Йиғилишда қайд этилганидек, партия ҳам сайловда қатнашаётган барча сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш органлари қатори Тошкент шаҳрининг 11 туманида ташкил этилган 330 та сайлов округига ўз номзодларини кўрсатди. Сайловчиларнинг депутатликка номзодини ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга қаратилган сайловолди ташвиқот бошланди.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар уч нафарга қадар ўз ишончли вакилига эга бўлиши мумкин. Ишончли вакиллар номзод депутат этиб сайланиши учун ташвиқот юритади. Маҳаллий давлат органлари ва жамоат бирлашмалари сайловчилари билан ўзаро муносабатларда, шунингдек, сайлов комиссияларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олиб, уларга гувоҳнома беради. Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сиёсий партиянинг тегишли ҳудудий органи томонидан сайлов участкалари тузилганидан сўнг тайинланади. Сиёсий партиянинг тегишли ҳудудий органи раҳбари сайлов кунидан камида 15 кун олдин тегишли округ сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини тақдим этади.
Тадбирда сайловга пухта тайёргарлик кўриш, унда фаол қатнашиш, вазифаларни ўз вақтида бажариш зарурлиги айтилди.
Манба: ЎзА