Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Амударё–дўстлик дарёси

2017-12-01 | Экология

Хоразмда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Халқаро Амударё куни” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказилди.

Амударё – Марказий Осиёдаги энг серсув, йирик дарё. У Помир тоғларидан, 4 минг 950 метр баландликдан бошланади. Воҳондарё Помирдаги Зўр кўлдан чиқиб келадиган Помир дарёси билан қўшилгандан кейин Панж деб аталади. Панжга ўнгдан Ғунт, Бартанг, Язғулом, Ванж, Қизилсув ирмоқлари келиб қўшилади. Ниҳоят, энг йирик ва серсув ирмоқ – Вахш дарёси қўшилгандан сўнг Амударё номини олади. Бу қисмда унга яна чапдан Қундуздарё, ўнгдан Кофарниҳон, Сурхондарё қўшилади. Амударё бошланғич нуқтасидан то Орол денгизига етгунча 1 минг 415 километр. 

Вилоят бўйлаб ўн кун давомида амалга оширилган лойиҳалар доирасида Амударё ҳавзаси биохилма-хиллигини асраш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш, экологик таълим-тарбияга кўмаклашиш каби эзгу мақсадлар йўлида қатор тадбирлар ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими масъуллари, вилоят халқ таълими, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари мутахассислари, вилоятдаги миллий маданий марказлар вакиллари, ёшлар иштирокида Амударё сув хўжалиги объектларига экосаёҳат, югуриш марафони ҳамда дарё соҳили бўйлаб экологик ҳашар ташкил этилди. 

– Амударёнинг ифлосланиши, ундаги биохилма-хилликнинг бузилиши, атрофидаги ҳайвонот олами йўқолиб бораётганининг асосий сабабчиси ўзимиз, деб биламан, – дейди меҳнат фахрийси Кенжабой Ортиқов. – Ташкил этилаётган тадбирлар Экоҳаракат фаоллари, айниқса, ёшларнинг ушбу дарё тўғрисида тўла тасаввурга эга бўлиши, унинг сувидан фойдаланиш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, педагог кадрларнинг зарур билим ва кўникмасини янада бойитишда муҳим аҳамиятга эга. 

"Халқаро Амударё куни" доирасида Урганч шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Амударё” ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмасининг 30 йиллиги, Давлатлараро “Амударё” ирригация каналлари бошқармаси ташкил этилганининг 90 йиллиги муносабати билан халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда келгусида сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларида сўзлаган нутқи бутун жаҳон оммасини бу фожианинг оқибати ҳақида яна бир бор ўйлашга мажбур этди, – дейди Давлатлараро “Амударё” ирригация каналлари бошқармаси мутахассиси Р.Асоев (Тожикистон). – Амударё каби серсув дарё мавжудлиги Ўрта Осиёда истиқомат қилувчи халқлар учун энг буюк неъматдир. Афсуски, ўтган асрда дарё сувидан бемақсад фойдаланилгани боис бугун минтақамизда сув билан боғлиқ муаммолар вужудга келмоқда. Мазкур тадбир халқаро экологик саналар рўйхатига “Халқаро Амударё куни”ни киритиш ва шу орқали трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланишни тарғиб этиш имконини яратади. 

Тадбирлар доирасида ёшлар иштирокида “Амударёнинг шу ерлик аҳоли ҳаётидаги ўрни” мавзусида семинар, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Амударё болалар нигоҳида” мавзусида расмлар танлови бўлиб ўтди. Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Амударё: кеча ва бугун” фототанлови ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. 

Тадбир якунида фаол ёшлар, танловлар ва марафон ғолибларига сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. 

Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага завқ-шавқ бағишлади.

 

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться