Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болаларнинг ахборот хавфсизлиги–қонун ҳимоясида
2017-12-01 | Жамият
Термизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари масъул ходимлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, маҳаллий ОАВ раҳбарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз шаҳри ва туман кенгашлари раислари, марказий оммавий-ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, алоқадор бошқа ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди.
Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Р.Чориев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ж.Пирматов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлод ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиб, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга йўналтирилган.
Тадбирда қонунда тавсифланган ахборот маҳсулоти, ахборот маҳсулотининг айланиши, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи, болалар соғлигига зарар етказувчи ахборотлар, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш ва эксперт хулосасини тақдим этиш каби масалалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи орган ва ташкилотлар ваколати, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ, ОАВнинг болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштироки тўғрисида фикр алмашилди.
– Глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган ҳозирги пайтда навқирон авлоднинг ахборот хавфсизлигини қонун билан муҳофаза қилиш Ватанга содиқ, фидойи, чуқур билимга эга ёшларни камолга етказишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Термиз шаҳар бўлими раҳбари О.Худойқулов. – Уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш юртимиз тинчлиги ва ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишига хизмат қилади. Ушбу ҳужжатда ахборот маҳсулотлари жумласига Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборотлар, компьютер ўйинлари, шунингдек, томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборотлар ҳам киритилган, болалар соғлигига зарар етказадиган ва болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулотлари аниқ белгилаб қўйилган.
Манба: ЎзА