Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қурилиш ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, бунёдкорлик ишларини сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди
2017-12-01 | Сиёсат
2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юзасидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг ҳар бир жабҳасида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, қурилиш ишларининг ҳажми йилдан-йилга ўсмоқда.
Жорий йил май ойида Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси таркибий тузилмаси тубдан ўзгартирилди ва янги вазифалар қўйилди. Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари қўшимча штат бирликлари билан кенгайтирилди. Жумладан, 11 ҳудудда “Ўзшаҳарсозлик” ва Самарқанд шаҳрида “Тошкентбошплан” лойиҳа институти филиаллари, шунингдек, 13 ҳудудда 26 етакчи лойиҳа ташкилоти очилди. Тошкент ва Самарқанд архитектура-қурилиш институтлари ҳамда 14 қурилиш касб-ҳунар коллежи қўмита тасарруфига ўтказилди.
Қабул қилинган мақсадли давлат дастурлари доирасида ҳамда давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ, жойларда қатор ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов, Фурқат, Навоий ва Олмазор кўчалари оралиғидаги ҳудудда “Тошкент-сити” замонавий халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилмоқда.
Мазкур марказда энг замонавий лойиҳалар ва ўзига хос архитектура ечимлари асосида уй-жойлар, офислар, бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари, миллий ва замонавий услубдаги инфратузилма объектлари ва бошқа иншоотлар қад ростлайди.
Худди шу каби концепция асосида Самарқанд шаҳрида ҳам “Самарқанд-сити” маркази қурилмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини мутлақо янгича ёндашув асосида ва илғор хорижий меъморчилик ютуқларини қўллаган ҳолда барпо этиш белгиланган. Ушбу шаҳарнинг бош режаси халқаро миқёсдаги хорижий архитекторлик компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва маданий инфратузилма объектларини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида “Экопарк”, “Дўстлик боғи” ва “Ашхобод боғи” каби истироҳат масканлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, пойтахтимизда “Ўзбекистон” Миллий боғини тубдан қайта қуриш ва янги “Наврўз” боғини барпо этиш бўйича қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Миллий боққа туташ ҳудудда “Адиблар хиёбони” барпо этилмоқда.
Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаб Тошкент шаҳрида меъморий ёдгорлик мажмуаси ва Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ҳудудида мақбара барпо этилди.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида Сузук ота мақбараси ва ҳунармандчилик маркази, Хастимом мажмуасига ёндош ҳудудда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.
Йиғилишда аҳолига арзон ва қулай уй-жойлар барпо этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бу борада қишлоқ массивларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурига асосан 2017 йил 15 минг шундай уй-жой қурилмоқда. Бу мақсадлар учун 2 триллион 35 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ, қишлоқ аҳолисининг талаб-истаклари ва уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда қўшимча равишда 4 минг 610 намунавий уй қурилмоқда. Бунинг учун 574 миллиард сўм ажратилган.
Бугунги кунга қадар 10 минг 431 арзон уй-жой фойдаланишга топширилди. Қолган 9 минг 179 уй қурилиши декабрь ойида якунланади.
Ушбу уй-жойлар бўйича муҳтож оилаларга 1 триллион 620 миллиард сўмдан ортиқ ипотека кредитлари 15 йил муддатга ажратилмоқда.
Дастурни амалга ошириш натижасида 2017 йил 19 мингдан ортиқ қишлоқ оиласи шаҳардагидан қолишмайдиган шинам ва замонавий уй-жойга эга бўлади. 2018 йил ҳам қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қарийб 20 минг арзон уй барпо этилади.
Ўз навбатида, жорий йилда шаҳарларда намунавий лойиҳалар асосида 7 минг 919 хонадонли 191 кўп қаватли уй қурилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 4 минг 88 квартирали 102 кўп қаватли арзон ва қулай уй-жой қурилмоқда. Мазкур хонадонлар учун уй-жойга муҳтож аҳоли ва ёш оилаларга 20 йил муддатга 751 миллиард сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари тақдим этилмоқда.
Бугунги кунда 70 уйнинг қурилиш ишлари якунланди ва фойдаланишга топширилди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 9 қаватли 162 хонадонли 4 та ҳамда пойтахтимизнинг Сергели туманида 2 минг 576 квартирага мўлжалланган 66 та кўп қаватли уй қуриб битказилди ва хонадон эгаларига калитлар топширилди. Қолган кўп қаватли уй-жойларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 25 йиллик байрами арафасида ҳамда декабрь ойи охирига қадар фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Дастурни амалга ошириш натижасида 2017 йил 8 мингдан ортиқ шаҳар оилалари замонавий, шинам ва қулай хонадонларга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурининг янгиланган параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, келгуси йилларда қуриладиган уйлар сони 1,5-2 баробар кўпайтирилган. Хусусан, 2018 йил жами 15 минг 172 хонадонга эга бўлган 365 та кўп қаватли уй қуриш кўзда тутилган.
Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тизимининг фаолияти танқид қилинди ва ислоҳотларни амалга ошириш суст олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Соҳага доир норматив ҳужжатлар, жумладан, шаҳарсозлик қоидалари ва қурилиш меъёрларининг аксарият қисми эскирган, собиқ тузум давридан қолиб кетган, деди давлатимиз раҳбари. Ушбу меъёрларни замонавий талабларга мослаштириш бўйича кўплаб топшириқ берилган бўлса-да, бу йўналишда натижага эришилмаган.
Жаҳон банки эълон қилган рейтингда Ўзбекистон ер ажратиш ва қурилишга рухсат олиш позицияси бўйича 135-ўринда бўлиб, бу ишларга ўртача 246 кун вақт кетиши ҳам қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш зарурлигига яна бир яққол далилдир.
Шу билан бирга, шаҳарларнинг бош режалари, қишлоқларда архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш талабга мутлақо жавоб бермайди. Хусусан, 2011-2018 йилларда шаҳарсозлик ҳужжатларини янгилаш бўйича дастур атиги 30-40 фоиз бажарилган ёки жами 1 минг 200 шаҳар ва шаҳарчадан фақат 207 тасининг (17 фоизи) бош режаси мавжуд.
Бунинг оқибатида шаҳарлар ва туманларда ўзбошимчалик билан ва чала лойиҳалар асосида қуриш ҳолатлари давом этмоқда. Бу эса мазкур аҳоли пунктлари қиёфаси жиддий бузилишига олиб келмоқда, деб таъкидлади Президентимиз.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан лойиҳа институтлари фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, бу борада илғор чет эл тажрибаси жорий этилмаётгани танқид қилинди. Жумладан, қурилиш лойиҳалари сифати паст, нархи эса асоссиз равишда юқорилигича қолмоқда. Ўз навбатида, бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда экологик жиҳатдан хавфсизлик ва энергиятежамкорликни таъминлаш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаган. Бунинг оқибатида аксарият қурилаётган бино-иншоотлар бир қолипда ва кўримсиз бўлиб, аҳоли пунктлари қиёфасини ўзгартиришга хизмат қилмаяпти.
Йиғилишда қурилиш ва лойиҳалаш бўйича кадрлар тайёрлаш сифати ҳам талабга жавоб бермаслиги қайд этилди. Хусусан, тизимдаги 500 га яқин вакант ўринлар, жумладан, туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлимларидаги 110 ва лойиҳа ташкилотларидаги 200 га яқин вакант штатларни тўлдиришни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ҳар томонлама салоҳиятга эга бўлган профессионал қурилиш-пудрат ташкилотлари шаклланмагани, улардаги мавжуд моддий-техник база, молиявий манбалар тобора ортиб бораётган қурилиш ишлари ҳажмини тўлиқ қоплашга қодир эмаслиги алоҳида қайд этилди.
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларини янгилаш ва ихчамлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳоли пунктлари бош режасини тайёрлаш ва тасдиқлаш бўйича янги уч йиллик дастурни ҳукуматга тасдиқлаш учун киритиш топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ер ажратиш, қурилишни лойиҳалаштириш ва фойдаланишга топшириш бўйича амалдаги қоидаларни қисқартириш ва очиқ-ойдин бўлишини таъминлаш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.
Қурилиш-пудрат ташкилотларини ривожлантириш, уларни айланма маблағлар билан таъминлаш ҳамда бош лойиҳа институтлари таркибий тузилмаси ва кадрлар салоҳиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, замонавий архитектура талаблари асосида ҳар қандай турдаги лойиҳа ишларини амалга ошира оладиган ташкилотларга айлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда шаҳарлардаги кўп қаватли арзон уйлар ва қишлоқ жойлардаги намунали уйларни сифатли қуриш ва муддатида топшириш, одамларнинг бу уйларга кўчиб киришини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш вазифаси юклатилди.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари раҳбарлари Қ.Ҳошимбеков ва З.Нарзуллаев вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда ушбу уйларнинг кўрсатилган муддатда топширилиши учун шахсан жавоб бериши белгилаб қўйилди.
Йиғилишда қурилиш материаллари, жумладан, цемент, пишган ғишт, қурилиш ойнаси, чақиқ тош ва қум каби норуда материалларнинг нархлари ошиб кетиши ва бунга асосий сабаб бўлган маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ички талаб ва экспорт учун етарли эмаслиги натижасида олибсотарлик авжига чиққани жиддий танқид қилинди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси раиси Б.Зариповга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кескин ошириш, уларни истеъмолчиларга етказиб бериш нархлари ўзгариши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш ва шу орқали нархларнинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш, ички талабни тўлиқ қондириш ва экспортни таъминлаш бўйича ҳукумат қарорини тайёрлаш ва тасдиқлатиш ҳамда уни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Манба: ЎзА