Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ўзбекистонда ўрмон ресурсларини баҳолаш ва мониторинг тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси якунлари
2017-11-30 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилган «Ўзбекистонда ўрмон ресурсларини баҳолаш ва мониторинг тизимини такомиллаштириш» лойиҳасининг якунларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Ҳакимов ва бошқалар мамлакатимизда ўрмон хўжаликлари умуммиллий бойлик сифатида эътироф этилиб, давлат муҳофазасига олингани, ўрмонзорларни кенгайтириш, асраб-авайлаш, табиатнинг бебаҳо неъматларидан тўғри ва оқилона фойдаланишга қаратилган мустаҳкам тизим яратилгани, айни жараёнда халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўрмонларни кенгайтириш, мониторинг қилиш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ўрмонзорларида 68 турдаги ёғочли, 320 турдаги бутали ва 134 хил ярим бутали ўсимлик турлари рўйхатга олинган. Улар қамраб олган умумий майдон 10 миллион гектарга етган.
2016-2017 йиллар соҳа ходимларининг малакасини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида «Ўзбекистонда ўрмон ресурсларини баҳолаш ва мониторинг тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳанинг мақсади ландшафт таҳлилига ва бошқа маълумотларга таянган ҳолда, ўрмон хўжалигига оид аниқ маълумотлар базасини шакллантиришдан иборат бўлди. Лойиҳа доирасида ўрмон майдонлари ва дарахт ресурсларини тўғри ва тўлиқ (интеграциялашган) ҳолатда баҳолаш ва мониторингини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига хариталар яратиш ва мониторинг мақсадларида геологик ахборот тизимлари ва масофавий зондлаш таҳлилини олиб бориш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш, маҳаллий соҳа мутахассисларининг замонавий билимларини ошириш ҳамда ўрмонли ҳудудлардан маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйича қатор ишлар бажарилди.
Семинарда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ваколатхонаси мутахассислари лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, эришилган натижалари ҳақида хулосаларини билдирди.
– Биз лойиҳа доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олувчи маълумотлар тизимини ва харита участкаларини тайёрладик, – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ваколатхонаси етакчи мутахассиси, «Ўзбекистонда ўрмон ресурсларини баҳолаш ва мониторинг тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси бўйича етакчи техник мутахассис Петер Пехачек. – Қолаверса, ўрмон ресурсларини мониторинг қилиш тизимини масофадан тасвирга олиш мақсадида “Collect Earth” дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурнинг афзаллиги шундаки, у мамлакатингиз ҳудуди катта қисмини экспресс, яъни тезлик билан баҳолаш имкониятини беради. Бу каби баҳолаш тизими ер қопламини моделлаштириш ва таҳлил қилишда қулайликлар яратади.
Тадбирда журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
Манба: ЎзА