Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
2017-11-30 | Жамият
Унда танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни эгаллаган 100 дан ортиқ қиз иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова мамлакатимизда қизларнинг билим ва иқтидорини рўёбга чиқариш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
2000 йилдан буён ўтказиб келинаётган танлов аъло хулқи, зукко ва ташаббускорлиги, кенг дунёқараши ва бой тафаккури билан тенгдошларига намуна бўлаётган истеъдодли қизларни кашф этишга хизмат қилмоқда. Давлат мукофотига лойиқ кўрилган қизлар кейинчалик ўқишда, илмий ва ижодий фаолиятда ҳам бошқаларга ибрат бўлиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Буни шу пайтга қадар ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланган 18 нафар самарқандлик қиз ҳаёти ва фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Иштирокчилар адабиёт, фан, таълим, санъат ва маданият йўналишларида ўз маҳоратини яна бир бор синовдан ўтказди. Малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир йўналиш бўйича уларнинг ижодий иш ва чиқишлари, танловга тақдим этган материалларига баҳо берди.
– Шу пайтгача кўплаб илмий анжуманлар, халқаро танловларда қатнашиб, совриндор бўлганман, – дейди Самарқанд давлат университети талабаси Дилшода Иброҳимова. – Россияда бўлиб ўтган халқаро “Ёш математиклар” олимпиадасида ғолибликни эгаллаганман. Лекин Зулфия номидаги Давлат мукофотига танлов жараёнида ушбу номга сазовор бўлиш қанчалик заҳматли ва масъулиятли эканини ҳис қилдим. Бу танловда қатнашаётган барча қизлар ғолибликка муносиб, деб биламан.
Танлов якунида барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланди ва уларнинг ижодий ишлари мамлакат босқичига тавсия этилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА