Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга қарши курашишда қандай камчиликлар бор?
2017-11-29 | Жамият
Коррупция–шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунида кўрсатилган бундай хатти-ҳаракатнинг содир этилиши қонуний асосларга қурилган жамият муҳити бузилиши, тараққиётга тўсиқ қўйиши билан хавфлидир. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш долзарб аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз юритилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссияси раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Давлат дастури”нинг Тошкент шаҳридаги ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов ва бошқалар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик ҳамда бундай салбий иллатга қарши самарали кураш олиб бориш алоҳида эътиборда.
Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш ва ижросини таъминлашда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси изчил фаолият юритмоқда.
Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Баҳром Қобиловнинг айтишича, аҳолида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга оид тарғибот ишлари кучайтирилган. Мавзу бўйича тайёрланган видеороликлар мунтазам намойиш қилинаётир. Идора ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашишга оид ишлар танқидий таҳлил қилиб борилмоқда. Тўлов интизомини яхшилаш бўйича кўрилган чоралар натижасида электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича юзага келган 7,2 триллион сўм қарздорлик ундирилган.
– Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар прокурори, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссияси раиси Шерзод Облоқулов. – “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”да маҳаллаларда “Маънавият соатлари” ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, адлия, статистика, молия, солиқ, божхона бошқармалари ва уларнинг туман бўлинмаларида давлат хизматчиларнинг одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳияти кенг тушунтириб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида коррупция билан боғлиқ 319 мурожаат тушган бўлса, уларнинг барчаси қонун доирасида ҳал этилди.
Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 9 ойи давомида қўзғатилган ва судга оширилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан 26 фоизга, жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони эса қарийб 40 фоизга камайди. Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича ҳар бир қонунбузарлик ҳолати юзасидан тегишли идораларга тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузарлик ҳолатларини бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.
Мажлисда сенаторлар қатор мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан коррупцияга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганини қайд этди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка тўлақонли аҳамият берилмаган. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий сўров ва тадқиқотлар камдан-кам ўтказилган.
Сенат аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Тошкент шаҳар прокуратурасининг масъул ходимлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва Тошкент шаҳар идоралараро комиссияларининг аъзолари ва республика комиссиясининг эксперт гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мажлис якунида билдирилган таклифлар асосида қўмита қарори қабул қилинди.
Манба: ЎзА