Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тоғ жинслари майдаланиб, қизил рангдаги шифер ишлаб чиқарилди

2017-11-28 | Иқтисодиёт

Миллий матбуот марказида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан "Маҳаллий хомашёдан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида белгиланган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 

"Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Т.Муҳаммаджонов аҳолини сифатли қурилиш материаллари билан таъминлаш, тармоқ корхоналарини модернизациялаш орқали импортни камайтириб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган вазифалар ҳақида сўз юритди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мамлакатимизда барча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Цемент, қурилиш ойнаси, керамик плиткалар, қуруқ аралашмалар, шифер, гипс, деворбоп материаллар шулар сирасидандир. Шунингдек, жорий йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 10 та лойиҳа амалга оширилиб, 63,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

– Энергиятежамкор ва самарадор технологияларни жорий қилиш орқали импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар турини кўпайтириш доимий эътиборда, – дейди “Оҳангароншифер" корхонаси бош муҳандиси Шерзод Хушназаров. – Тоғ жинсларини майдалаб, қизил рангдаги шифер ишлаб чиқардик. Минг дона ана шундай маҳсулотнинг қуёшга ва совуққа чидамлилиги синовдан ўтказилмоқда. Ангрен тупроғидан ярим тайёр лой тайёрлаб, кулолларга етказиб бермоқдамиз. Улар тарихий обидаларни таъмирлашда қўлланмоқда. 

Цемент саноати ҳам изчил модернизация қилинмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда 14 цемент заводи фаолият юритмоқда. “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти юртимиздаги етакчи корхоналардан бири. Бу ерда йилига қарийб 3,5 миллион тонна цемент тайёрланади. Шунингдек, “Оҳангаронцемент”, “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” акциядорлик жамиятларида 4 миллион тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилаётир. 

– Янги турдаги портландцемент ишлаб чиқаришни бошладик, – дейди “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти сифат бўлими бошлиғи Зайниддин Қурбонов. – Айланма печлар модернизация қилиниб, маҳсулотнинг сифати оширилмоқда. Маҳаллийлаштириш жараёнида қуруқ қурилиш аралашмалари, плиталар, темирбетон таянч устунлари, лотоклар ишлаб чиқаришни бошладик. 

– Кварц қумини хориждан харид қилардик, – дейди «Кварц» акциядорлик жамияти бош технологи Саиджон Ғаниев. – Маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида 2016 йилдан буён бу хомашё Навоий вилоятидан олинмоқда. Жорий йилдан автомобиль ва қурилиш саноати учун импорт ўрнини босадиган турли қалинликдаги ойна ишлаб чиқариш лойиҳасини бошладик. Кунига 400 тонна ойна ишлаб чиқариладиган линия келгуси йилдан тўлиқ қувватларда ишлайди. 

Матбуот анжуманида жорий йилда экспортёр корхоналар сони 42 тадан 50 тага, экспорт маҳсулотларининг тури эса 40 тадан 45 тага етказилгани, қатор хорижий давлатларда дилерлик тармоқлари ва савдо уйлари ташкил этиш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди. 

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться