Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар ва кинематография
2017-11-28 | Маданият
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган "PROlogue" – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III фестивали доирасида "Ёшлар ва кинематография" мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
"Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ректори И.Йўлдошев ва бошқалар ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол, теран маънавиятли, соғлом ва мустақил тафаккур эгаси этиб вояга етказишдек долзарб масала киноижодкорлар зиммасига ҳам улкан вазифалар юклаётганини таъкидлади.
– Ёш киноижодкорларнинг фестивалга тақдим этган ишларини кузатар экансиз, улар кўпроқ адабий ва бадиий асарлар ўқиши зарурлиги кўзга ташланиб қолмоқда, – дейди Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти профессори Абдураҳим Исмоилов. – Кинолойиҳалардаги воқеликни, унинг мазмунига сингдирилган ғояни томошабинга ифодалаб бериш киночидан чуқур билим ва маҳоратни талаб этади. Булар эса бевосита мутолаа билан боғлиқдир.
Конференцияда кинонинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, ўзбек мультипликация санъатида янги ижодий жараёнлар, кинода тасвирий ечим, бадиий асарлар экранизацияси, миллий кинематография ривожида театрнинг ўрни, кино ва эстетик дид, фильм яратишда кинооператор маҳорати каби мавзуларда маърузалар муҳокама этилди.
Фестивалнинг навбатдаги кунида атоқли киноижодкорлар иштирокидаги маҳорат сабоқлари, фестиваль учун тақдим этилган фильмлар намойиши бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА