Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Табиий газдан хавфсиз фойдаланинг
2017-11-28 | Жамият
Қиш мавсумида табиий газга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан юқори бўлади. Шундай пайтларда табиий газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш талаб этилади. Турли мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида “зангори олов”дан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини кенг тарғиб қилишга бағишлаб ўтказилган семинарда шулар хусусида сўз борди.
Тадбирда газ таъминоти тизимида меҳнат қилаётган мутахассислар, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Мустафоев ва бошқалар истеъмолчиларга узлуксиз газ етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, газдан мақсадсиз фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳамон кузатилаётганини таъкидлади. Буларнинг барчаси газдан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўпайишига олиб келмоқда.
Маълумки, жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябрига қадар “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда газ ускуналари ва иситиш жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги бўлиб ўтди. Ойлик давомида жойларда турли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Аҳолига ҳавфсизлик қоидалари акс этган буклет ва эслатма материаллар тарқатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Зулфиқор Қиличевнинг таъкидлашича, жорий йилнинг шу даврига қадар содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг 12 фоизини ис гази ва ҳаво-газ аралашмаси билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этмоқда. Яъни 2017 йилнинг ўтган даврида ис гази ва ҳаво-газ аралашмаси билан боғлиқ 21 фавқулодда вазият содир бўлган. Бунинг натижасида 48 инсон вафот этган. Уларнинг аксарияти мўриларнинг носозлиги туфайли ис гази ташқарига чиқиб кетмагани оқибатида юзага келган.
Айрим хонадон эгалари томонидан газ хўжалиги корхоналари ходимларини хонадонларига киритмаслик ҳолатларига дуч келинмоқда. Натижада фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган газ жўмраклари ва ускуналаридан газ сизиб чиқиши кузатилмоқда. Оқибатда эса портлаш, газдан заҳарланиш кузатилмоқда.
Тадбирда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар рўй берган ҳолатларда тезкор чоралар кўриш ва бошқа масалаларга оид мавзуларда маърузалар тингланди.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА