Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон ва Япония тажрибаси
2017-11-28 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Япония Ички ишлар ва алоқа вазирлигининг Маъмурий баҳолаш бюроси (Омбудсман) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда қуйи палата депутатлари, Япониядан келган делегация аъзолари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов ва бошқалар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб бораётганини таъкидлади. Мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сайёҳлик, таълим, экология ва маданият соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Икки халқнинг инсонпарварлик, адолатлилик ҳамда қонунни ҳурмат қилиш тамойиллари бир-бирига ўхшаш.
Мамлакатимизда фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига мурожаат этиш ҳуқуқларини самарали амалга ошириш ҳамда давлат ва жамият қурилишида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, хусусий мулкни давлат томонидан ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга доир аниқ вазифалар белгиланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Япония Ички ишлар ва алоқа вазирлигининг Маъмурий баҳолаш бюроси (Омбудсман) билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум икки мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Ушбу ҳужжатда мамлакатларнинг ахборот-таҳлилий маълумотлар алмашинуви, қонун ҳужжатлари, халқаро ва ривожланган тажрибаларни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, ушбу йўналишда ҳамкорликда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва форумлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Тадбир доирасида "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини оширишдаги ташкилий- ҳуқуқий масалалар: Ўзбекистон ва Япония тажрибаси" мавзуидаги давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида икки мамлакатнинг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими, соҳадаги қонунчилик ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Япония делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти Халқ қабулхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан ҳам учрашди.
– Ўзбекистонда аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича кенг кўламли ноёб ва инновацион лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлдик, – дейди Япония Ички ишлар ва алоқа вазирлигининг Маъмурий баҳолаш бюроси (Омбудсман) директори ўринбосари Седжиро Йошикайо. – Давлат раҳбарининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганлиги, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар изчил ҳал қилинаётгани аҳолига ҳар томонлама кўрсатилаётган ғамхўрлик ва халқнинг қатъий ишончидан далолат беради.
Манба: ЎзА