Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шошилинч тиббий ёрдам муассасалари реанимобиллар билан таъминланди
2017-11-28 | Жамият
Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳудудий филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва махсус техникалар билан таъминланмоқда.
Жиззах вилояти туман ва шаҳарларидаги шошилинч тиббий ёрдам муассасаларига "HYUNDAI” русумли 9 замонавий реанимобиль топширилгани ҳам фикримиз исботидир.
Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш ишлари давомида шошилинч тиббий ёрдам муассасаларида беморларга тез, малакали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Ушбу муассасалар маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирилиб, вилоятнинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати фаолият кўрсатмоқда.
Вилоят шошилинч тиббий ёрдам муассасаларидаги барча санитар автотранспортларига GPS навигатори ўрнатилгани катта қулайлик яратиш билан бирга, хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширмоқда. Энди чақириқда юрган тез ёрдам бригадаси йўналишини диспетчерлик пункти томонидан доимий назорат қилиш имконияти яратилди.
– Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган реанимобилларда махсус тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит мавжуд, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах вилояти филиали бош шифокори Ш.Юсупов. – Яъни, тез тиббий ёрдам бригадаси оғир аҳволдаги беморга қон тўхтатиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кичик амалиётларни йўлда, шифохонага етгунга қадар амалга ошириши мумкин.
Тошқул Бекназаров, ЎзА
Манба: ЎзА