Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарёда байрам шукуҳи
2017-11-28 | Жамият
Сурхондарё вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрамини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Байрам олдидан маҳалла, таълим ва тиббиёт муассасалари, корхона ва ташкилотларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётир. Кўча ва хиёбонлар байрамона безатилиб, тинч-осойишта ва фаровон турмушимиз кафолати бўлган Асосий қонунимизни тарғиб этувчи баннер ва паннолар ўрнатилмоқда. Янги корхоналар, ижтимоий соҳа объектлари, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилмоқда.
“Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, шаҳар, туман бўлинмалари ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари билан ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил этиб, Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга содда, халқчил мисоллар билан тушунтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
– Чекка, олис ва қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда тарғибот тадбирларини ўтказиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича алоҳида режа-жадвал ишлаб чиқилиб, барча тадбирлар шу асосда олиб борилмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Ф.Шарипов. – Шу кунгача Бойсун, Узун, Сариосиё, Олтинсой, Қумқўрғон, Музработ, Шеробод, Жарқўрғон туманларининг тоғли ва чекка маҳаллаларида кўплаб учрашув, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ташкил этиб, халқимиз эришаётган оламшумул ютуқларда Бош қомусимизнинг ўрни ва аҳамияти атрофлича тушунтирилди. Ойлик доирасида бўлиб ўтаётган тадбирларда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг “Энг яхши тайёрланган иншо”, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Энг яхши тайёрланган ёзма иш”, олий таълим муассасалари талабаларининг “Энг яхши тайёрланган таҳлилий мақола” йўналиши бўйича “Конституция билимдони” танловининг шаҳар ва туман босқичлари ўтказилмоқда.
– Талаба-ёшларимиз танловда фаол иштирок этаётгани Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган қоида ва тамойиллар ҳаётимизни янада осойишта ва фаровон этишга хизмат қилаётганининг ёрқин ифодасидир, – дейди Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов. – Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишда, қонун устуворлигини таъминлашда Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Барча замонавий шароитларга эга олий таълим муассасамизда тарғибот гуруҳи аъзолари, ҳуқуқшунос олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан “Конституцияни ўрганамиз”, “Конституция – менинг тақдиримда” сингари мавзуларда ўтказилаётган учрашув, очиқ дарс, мулоқот ва бошқа ҳуқуқий-маърифий тадбирларда ана шулар ҳақида атрофлича фикр юритилаётир. Байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб талабалар конференциясини ташкил этишни режалаштирганмиз.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА