Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорода “Ёш фермер – 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди
2017-11-28 | Иқтисодиёт
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган 11 нафар ёш фермер қатнашди.
Танловда ёш фермерларнинг мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги изланиши, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этган ҳолда соҳага илғор инновацион технологияларни жалб этиш борасидаги ва бошқа ютуқларига эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ўз хўжаликларида етиштирган пахта, ғалла, чорвачилик маҳсулотлари кўргазмасини намойиш қилди. Савол-жавоблар орқали уларнинг фермерлик бошқаруви, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий билими баҳоланди.
Шофиркон туманидаги “Олимжон оқ олтини” фермер хўжалиги раҳбари Олим Салимов биринчи ўринни эгаллади.
– Деҳқончиликда ишнинг кўзини билиш, ҳисоб-китобни тўғри юритиш жуда муҳим, – дейди О.Салимов. – Бу борада катта тажрибага эга отам билан бамаслаҳат иш тутишда катта ҳикмат бор экан. Бу йил 16,6 гектар ерда ғўза парваришини оби-тобида бажариб, 66 тоннадан зиёд пахта етиштирдик. 10 гектарда экилган ғалладан ҳам баракали хирмон уйдик. Хўжалигимиз кўп тармоқли. 86 бош наслли қорамолнинг 35 боши соғин сигирлардир. Ҳар биридан кунига ўртача 17 литрдан сут соғиб олинади. Икки гектар интенсив боғимиз келгуси йил ҳосилга киради. Балиқчиликни ҳам йўлга қўйдик. Ҳадемай, бир марталик пластмасса идиш ишлаб чиқарадиган цехимиз фаолият бошлайди.
Когон туманидаги “Оққош Бўрон замини” фермер хўжалиги раҳбари Нозигул Жўраева иккинчи, Ғиждувон туманидаги “Адолат замини ёғдуси” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Сайфиев учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: ЎзА