Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиноятнинг олдини олган афзал
2017-11-28 | Жамият
Маъмурий ишлар бўйича Олмазор тумани суди ҳамда туман ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида жиноятчиликка қарши курашиш борасида мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда белгиланган талаблар ижроси муҳокама этилди.
– Тадбирда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида режа тузиб олдик, – дейди Маъмурий ишлар бўйича Олмазор тумани суди раиси вазифасини бажарувчи Шербек Иномжонов. – Шунингдек, ички ишлар органлари томонидан маъмурий судларга кўриб чиқиш учун юбориладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда талаб этиладиган ҳужжатлар ва бу борада ягона суд амалиётини жорий этиш, жараёнда мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалалари юзасидан тушунчалар берилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ўртага ташланган танқидий фикрлар, берилган топшириқлар юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олдик, – дейди Олмазор тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Акмал Баҳромов. – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларимиз ижобий самара беришига ишонамиз. Бунинг учун имкониятларимиз, куч-қувватимиз етарли.
Туман ички ишлар бошқармасида 135 профилактика инспектори хизмат қилади. Уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида уй-жой, имтиёзли кредит асосида автомашиналар ажратилмоқда. Бугунги кунга қадар 64 профилактика инспектори “Матиз” автомашинаси билан таъминланди. Бу каби саъй-ҳаракатлар уларни фидойилик билан хизмат қилишга ундайди, албатта.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойида туман ҳудудида 970 жиноят содир этилган.
– Албатта, содир этилган жиноят барибир фош этилади, жиноятчи жазосини олади. Лекин унинг оқибатини бартараф этиш мушкул масала, – дейди А.Баҳромов. – Демак бизнинг асосий мақсадимиз жиноятчиликнинг олдини олиш. Бу борада тизимли чора-тадбирларни йўлга қўйганмиз, барча имкониятларимизни ишга солаяпмиз. Жумладан, таълим муассасаларида, маҳаллаларда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, ёшларимизга ҳар бир жиноятнинг оқибатлари ҳақида тушунчалар беряпмиз. Профилактика инспекторлари туну кун ҳудудларда навбатчилик қилмоқда.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Манба: ЎзА