«Она ер ёшлар қўлида» шиори остида Ўзбекистон ёш фермерларининг I Республика форуми ўтказилди
Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёш фермерлар кенгаши, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Она ер ёшлар қўлида» шиори остида Ўзбекистон ёш фермерларининг I Республика форуми ўтказилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б.Юсупов ва бошқалар мамлакатимизда уюшмаган ёшларни фермерлик ҳаракатига жалб этиш, ёш фермерлар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ва долзарб масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш, хорижий илғор тажрибаларни фермерлар фаолиятига жорий қилишда амалий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида фермерлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
Айни пайтда мамлакатимизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан қарийб 5 минг 900 тасини, яъни 3,6 фоизини ёш фермерлар ташкил этади.
Ёш фермерларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, тажриба алмашишни йўлга қўйиш, эришган ютуқларини оммалаштириш, улар фаолиятида учраётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда юртимизнинг барча туманларидан 700 дан ортиқ ёш фермер, тегишли ташкилот ва тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Форумда илғор фермер хўжаликлари ва корхоналар раҳбарларининг иш тажрибалари ва эришган ютуқларини ёшларга ўргатиш мақсадида маҳорат дарслари ташкил этилди. Янги ишлаб чиқилаётган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги низом кенг муҳокама қилиниб, ёш фермерлар томонидан ҳам бу ҳужжатга қатор таклифлар берилди.
Тадбир доирасида 60 дан ортиқ ёш фермер томонидан етиштирилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти олимларининг янги илмий ишланмалари ҳамда инновацион ғоялари намойиши бўлиб ўтди. Бу жараёнда ёш фермерлар ва олимларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Анжуман доирасида Халқ банки ва “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки билан ҳамкорликда наслли чорвачилик ҳамда балиқчиликни ривожлантириш учун 900 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Форум иштирокчилари секторларга бўлинган ҳолда Юқори Чирчиқ туманидаги “Marwin Brands” корхонаси, Зангиота туманидаги “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалиги, Тошкент давлат аграр университети ҳамда академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Тошкент трактор заводи фаолияти билан танишди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.
Моҳигул Қосимова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА