Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳуқуқий масалалар муҳокама қилинди
2017-11-27 | Жамият
Вазир ўринбосари бундай нуфузли мутахассисларнинг вазирликка ташрифи Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч асосида ривожланиб бораётганидан дарак беришини қайд этди.
Қабул чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан жаҳон ҳамжамиятига фаол интеграциялашув жараёни бошланди. Мамлакатимиз ўтган давр ичида инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган. Давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Полковник А. Бобохонов делегация аъзоларининг эътиборини янги ташкил этилган суриштирув органлари илгаригиларидан тубдан фарқ қилишига қаратди. Суриштирувчилар терговчиларнинг ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда ижтимоий хавфли бўлмаган жиноят ишлари бўйича судгача бўлган ишларни амалга оширишади. Улар ушбу жараёнда барча процессуал қарорларни мустақил равишда қабул қилишади. Шунингдек, жиноятларга доир маълумотларга мувофиқ терговгача текширув ўтказувчи органларнинг ваколатларини белгилайдилар. Бундай тартибнинг жорий этилиши натижасида катта бўлмаган ва ижтимоий хавфли ҳисобланмаган жиноятларни тергов қилиш муддатларининг чўзилиб кетишига чек қўйилади. Шу тариқа фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиб, оғир ҳамда ўта оғир жиноятларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис тергов қилиш имконияти яратилади.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Ришард Коменда ва БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази маслаҳатчиси Изабель Чан самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этишди. Улар Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик янада юқори даражага кўтарилишига ишонч билдиришди.
Мулоқот чоғида оилаларда зўравонликка чек қўйиш, давлат органларининг ва жамиятнинг бундай салбий ҳолатларга қарши курашиши, маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, келгусида ички ишлар органлари, жазони ижро этиш муассасалари ходимлари ўртасида ҳуқуқий мавзуларда семинарлар ва тренинглар ўтказишга келишиб олинди. Суҳбат жараёнида бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги