Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Наманганда 42,9 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш режаси ишлаб чиқилган

2017-11-27 | Иқтисодиёт

Мамлакатимизда қиш-баҳор мавсуми учун мева-сабзавот маҳсулотларини захирага ғамлаш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар эҳтиёжини таъминлаш бўйича давлат буюртмаси тизими жорий қилинган. 

Президентимиз раислигида жорий йил 20 ноябрь куни бозорларни қиш-баҳор мавсумида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни қайта ишлаш кўламини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳўл мева-сабзавотлар экспортини кенгайтириш, шунингдек, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, узум харид қилиш бўйича 2018 йилга мўлжалланган давлат буюртмасини шакллантириш вазифалари ижросига бағишланган йиғилишда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. 

Йиғилишда ички бозорда мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси тузилгани таъкидланди. Импорт орқали бозорни танқис ва юқори нархдаги маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиниб, ҳудудлар кесимида 490 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини қиш-баҳор мавсуми учун ғамлаш параметрлари тасдиқлангани қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари қиш-баҳор мавсумида халқимиз дастурхони сархил мевалар, сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўкин бўлиши зарурлигини таъкидлади. 

Наманган вилоятида ҳам қиш ва баҳор ойларида бозорлар ҳамда аҳоли дастурхони, ижтимоий муассасалар таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захираси яратилмоқда. 

Жорий йилда вилоят бўйича фермер ва деҳқон хўжаликлари тасарруфидаги 16 минг 788 гектар ерда картошка, 8 минг 291 гектар майдонда сабзи, 4 минг 898 гектарда шоли ва 4 минг 977 гектар ерда пиёз етиштирилган. Полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштиришда такрорий экин имкониятларидан самарали фойдаланилди. Жумладан, ғалладан бўшаган 12 минг гектарга яқин майдонда картошка, сабзи ва шолидан қишки захира учун етарли ҳосил етиштирилди. 

– Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди, – дейди Наманган вилояти иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Д.Турсунов. – Вилоятда картошка, пиёз, сабзи, шоли каби тўрт турдан иборат 42,9 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш режаси ишлаб чиқилган. Айни пайтда ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари, улгуржи савдо корхоналари ва деҳқон бозорлари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари омбори ҳамда музлаткичларга жойлаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар 4 минг тоннага яқин картошка, 9 минг 200 тоннадан зиёд пиёз, 1 минг тоннадан кўпроқ сабзи ва 1 минг 800 тоннага яқин шоли захирага қўйилди. Жамғарилган маҳсулотлар 16 минг тоннадан ошди. Энди пишиб етилаётган кеч кузги картошка ва сабзини йиғиштириб олиш ишлари давом этмоқда. 

Вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш мақсадида умумий сиғими 48 минг тоннадан зиёд 41 махсус ва музлаткичли омбор ташкил этилган. Бунга қўшимча равишда Янгиқўрғон туманидаги “Тиллахон” хусусий корхонаси томонидан 2 минг тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга музлаткичли омборхона ишга туширилди. Бундан ташқари, бир қатор фермер хўжаликлари, ижтимоий соҳа муассасалари, деҳқон бозорлари ва бошқа субъектларда маҳсулот сақлашга мўлжалланган 600 га яқин омборхонага захира қўйилмоқда. 

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича вилоят штабида агрофирма, фермер хўжаликлари билан маҳсулот жамғаришга жалб этилган субъектлар ўртасида тузилган шартномалар ижроси мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Кунлик таҳлил натижаларига кўра, шартномаларнинг катта қисми бажарилиш арафасида. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратиш ишларини декабрь ойининг дастлабки ҳафтасида якунлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилмоқда. 

 
Акрамжон Сатторов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться