Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Арнасой, Зафаробод ва Пахтакор туманларидаги дори-дармонга муҳтож оилаларга 7 миллион сўмлик дори тарқатилди
2017-11-27 | Жамият
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг давлатдан рози бўлиб яшаши ва келажакка ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондиришда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, мавсумни беталафот ўтказиш долзарб вазифа ҳисобланади. Қиш мавсуми бошланиши билан янада муҳим аҳамият касб этадиган бу вазифалар ҳудудий давлат, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қандай бажарилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, иссиқлик, электр энергияси, ичимлик суви билан таъминлаш, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда амалга оширилган ишлар, мавжуд аҳвол, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари секторлар кесимида таҳлил қилинди.
Қиш мавсумига тайёргарликни ўрганишда ишчи гуруҳ аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Мавсумга тайёргарлик режасида вилоят бўйича 260 километрлик электр узатиш тармоғи ва 80 трансформатор пунктини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини бажариш белгиланган бўлиб, амалда 164,3 киломерлик электр узатиш тармоғи тортилган, 69 трансформатор ўрнатилган.
Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилиб, 5 километрлик электр ҳаво тармоғи тортилди, 15,5 километр узунликдаги тармоқлар таъмирланди. 131 темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 21 трансформатор пункти таъмирдан чиқарилди. Ўта катта юклама билан ишлаётган 3 трансформатор пункти катта қувватлисига алмаштирилди ва 5 янги трансформатор пункти ўрнатилди.
Бугунги кунда вилоятда 138 минг хонадон табиий, 63 минг 800 дан зиёд хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Республика ишчи гуруҳи томонидан қўшимча 1 минг 57 тонна суюлтирилган газ ажратилди. Суюлтирилган газ таъминотида узилишлар юз бераётган Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Мирзачўл, Фориш, Янгиобод, Шароф Рашидов туманларидаги 2 минг 337 хонадон газ баллонлари билан таъминланди.
Қўшимча ажратилган газ баллонларини етказиб бериш мақсадида 10 “Исузи” русумли махсус автотранспорт воситаси олиш учун маблағ тўлиқ ўтказилди. Улардан 2 таси олиб келиниб, 8 таси келтирилиши назоратга олинди.
Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, қарамоғида ногирони бўлган оилаларга ҳомийлар ҳисобидан 248 газ баллони, 94 газ плитаси бепул тарқатилди.
Аҳолининг реал эҳтиёжи ҳисобга олиниб, вилоятга 2018 йилда жорий йилга нисбатан 3 минг 110,1 тонна кўп суюлтирилган газ лимити ажратилди.
Вилоят бўйича 2017 йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларига режадаги 28 минг 836 тонна кўмирнинг ҳозиргача 17 минг 905 тоннаси етказиб берилган холос. Ўрганишлар натижасида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига қўшимча 8 минг 894 тонна кўмирга қўшимча талаб мавжудлиги аниқланди.
Республика ишчи гуруҳининг амалий чоралари натижасида ҳудудга 3 кун мобайнида 40 вагонда 2 минг 760 тонна кўмир ёқилғиси келтирилди. Ғаллаорол туманига 1 минг 35 тонна ва Шароф Рашидов, Дўстлик, Фориш, Зарбдор ва Зомин туманларининг ҳар бирига 345 тоннадан кўмир етказиб берилди. Бундан ташқари, вилоятдаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногирони бор 500 хонадонга 73 тонна кўмир бепул тарқатилди.
– Ҳудудимиздаги кам таъминланган, эҳтиёжманд олти оила бепул кўмир билан таъминланди, – дейди Арнасой туманидаги “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Бердиев. – Бу иш табиий газ тўлиқ етиб бормаган ҳудудда яшаётган хонадонларга қишдан чиқиб олиш учун жуда катта кўмак. Бундан ташқари, табиий газ, электр тармоқларидаги нуқсонлар ҳам бартараф этилди.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги қатор камчиликлар ишчи гуруҳ томонидан жойида ҳал этилди. Жумладан, 24 аҳоли яшаш мавзесида 840 метрга яқин ичимлик суви тармоғи тортилди. Шароф Рашидов, Зарбдор, Ғаллаорол туманларидаги 4 ичимлик суви қудуқларига сув насослари ўрнатилиб, 12 сув тақсимлаш қурилмаси созланди. Натижада 3 минг 800 дан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Жиззах шаҳридаги 16 ва туманлардаги 9 кўп қаватли уйларнинг том ва ер тўла қисмини таъмирлаш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига 1,4 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиши таъминланди.
Республика ишчи гуруҳи аралашуви билан “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига 12 ассензацион техника олиш учун бюджетдан 748,8 миллион сўм маблағ ажратилиши ҳал этилиб, 8 машина етказиб берилиши таъминланди. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Ғаллаорол тумани филиали учун маъмурий бино ажратилди.
Вилоятда қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришни ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Маҳсулотларни захирага қўйиш режасининг бажарилиши ҳақидаги маълумотларда 5 минг 365 тонна кўрсатилган бўлиб, амалда 3 минг 492 тонна экани аниқланди. Ишчи гуруҳ ёрдамида режада белгиланган маҳсулотларни тўлиқ жамғариш учун тижорат банклари томонидан 900 миллион сўм кредит ажратилди.
Вилоят ҳудудидаги энг чекка қишлоқлар аҳолиси, нуронийлар, ногиронлар ва кам таъминланган 1 минг 682 нафар аҳоли чуқурлаштирилган патронаж тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббусида амалга оширилаётган ишлар самараси барча соҳалардаги ўзгаришларда яққол кўзга ташланиб турибди, – дейди Ғаллаорол туманидаги Муқури қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Мавлон Турдиев. – Бу ғамхўрлик, айниқса, кексаларга катта қулайлик яратаётир. Шифокорлар уйимизга келиб тиббий кўрикдан ўтказиб кетганидан беҳад хурсанд бўлдим.
Арнасой, Зафаробод ва Пахтакор туманларидаги дори-дармонга муҳтож оилаларга 7 миллион сўмлик дори тарқатилди. 40 ногиронлик аравачаси етказиб берилди.
Республика ишчи гуруҳи тавсияси асосида вилоятдаги 585 ногирон, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, қишлоқлардаги 153 оилага 24 бош қорамол, 81 бош қўй ва 480 товуқ тарқатилди.
Шунингдек, вилоятда ижтимоий соҳадаги кўплаб бошқа муаммолар, аҳолининг ариза ва мурожаатларида кўтарилган масалалар ҳал этилди. Амалга оширилган ишларнинг самараси фақат ҳисоботларда эмас, давлатимизнинг ғамхўрлиги одамлар ҳаётида, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлардан розилигида намоён бўлмоқда.
Манба: ЎзА