Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Электорат манфаати: амалиёт ва самара

2017-11-27 | Жамият

Навоийда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши томонидан “Маҳаллий Кенгашларда партия позицияси ва электорат манфаатларини ифода этишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика ўқув семинари ўтказилди.

Унда партия марказий аппарати ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партиялар фаолияти алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади. Айниқса, жорий йилнинг 12 июлида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг партиялар фаоллиги ва ташаббускорлиги янада ошди. Хусусан, ҳудудларда кўзга ташланаётган турли соҳаларга оид муаммоларга ечим топиш, аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этишда партия ташкилотлари ҳамда улардан сайланган халқ вакилларининг ўрни ва роли ортмоқда. Мазкур ўқув-семинар ҳам партия туман ва шаҳарлар кенгашларида аҳоли, хусусан, сайловчилар ҳамда электорат манфаатларини таъминлашнинг долзарб вазифаларини муҳокама этиш, бу борада фаол бўлган кенгашлар тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилади. 

Семинар иштирокчилари Кармана тумани Талқоқ маҳалласидаги партия туман кенгашининг “Адолат қабулхонаси” ҳамда “Grand Farm Avitsenna” хусусий дорихонасида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти, вилоят ОИТС маркази қошидаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти, мазкур муассасаларда яратилган шароитлар, иш услуби ва тажриба билан танишди. Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг намунали сессиясида иштирок этди. 

Тадбирда маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир маърузалар тингланиб, бу борадаги мавжуд ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига янги 142-модда киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг халқ билан мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш, нафақат ўз сайловчилари, балки ҳудудий партия ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳудудий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари зиммасида ҳам бу борада улкан масъулият бор. Бинобарин, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари бу борада ўзаро ҳамкорликда самарали фаолият олиб бориши ҳудудларда электорат манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

– Маълумки, депутатнинг асосий ваколатларидан бири депутатлик сўрови билан боғлиқ, – дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилояти кенгаши раиси Р.Ҳайитов. – “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасига кўра, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутатлик сўрови юборишга ҳақли. Бундан ташқари, депутат ёки депутатлик гуруҳи ташаббуси билан турли долзарб масалалар маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар ва сессияларда муҳокама этилиши мумкин. 

Семинарда депутатлар фаолиятида учраётган муаммолар ва уларнинг ечими, халқ вакилларининг самарали фаолиятини ташкил этишнинг муҳим вазифалари муҳокама қилинди. Партия ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорлик, партия лойиҳаларининг амалиётга татбиқ этилишида депутатларнинг ўрни ва роли таҳлил этилиб, партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, сессияларга масала киритишнинг Навоий вилояти тажрибаси ўрганилди.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться