Ангренда маъмурий ва жиноят ишлари бўйича шаҳар судларининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, фахрий ҳуқуқшунослар, туман фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли соҳада ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани, ходимларнинг меҳнат шароити яхшиланаётгани суд тизими самарадорлиги ва фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи суд-ҳуқуқ тизими моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ҳудудларда янги суд бинолари қурилмоқда, мавжудлари реконструкция қилинаётир. Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида қуриб фойдаланишга топширилган янги суд биноси ҳам ана шу эътибор самарасидир.
– Замонавий ва муҳташам суд биносида “Бойсун омад қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 3 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-монтаж ишлари бажарилди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди раиси Ғ.Эргашев. – Бинода маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлар учун мўлжалланган алоҳида 3 суд зали, ходимлар ва фуқароларни қабул қилиш хоналари мавжуд.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА