Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар ижодига бағишланган фестиваль олдидан матбуот анжумани ташкил этилди
2017-11-27 | Жамият
Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида жорий йил 27-30 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган "PROlogue" – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III республика фестивалига доир матбуот анжумани ташкил этилди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг ўринбосари К.Бекназаров ва бошқалар санъатни равнақ топтириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида миллий киномиз ривожига ҳам жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Жорий йилнинг 27-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III Республика фестивали кино соҳасида изланаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Мазкур лойиҳа уларнинг илғор ташаббусларига қанот бериш, изланишларини моҳир киношунослар, етук мутахассислар назаридан ўтказиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Ёш киночиларнинг фестиваль учун тақдим этган фильмлари “Энг яхши қисқа метражли фильм учун бош соврин”, “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши”, “Энг яхши актёр”, “Энг яхши актриса” номинацияларида аниқланади.
Шунингдек, фестиваль доирасида киночилар анжумани, ижодий мулоқотлар, учрашувлар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА