Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қизилтепа туманида 13-болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2017-11-24 | Таълим
Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, истеъдодли ёшларни кашф этиш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилаётгани ёш истеъдодларни аниқлаш ва тарбиялашда муҳим омил бўлаётир. Айни пайтга қадар вилоятда 12 ана шундай маскан фаолият юритмоқда.
– Замонавий мактаб биноси туманимиз кўркига-кўрк бўлиб қўшилди, – дейди муассаса директори Н.Шамсиев. – 3 миллиард 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилган мазкур маданият кошонаси Президентимизнинг ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибори самарасидир. 150 ўринга мўлжалланган мактабда барча шароит яратилган. Масканда 20 га яқин ўқитувчи 7 мутахассислик бўйича ёшларга санъат сирларидан сабоқ беради.
Мактаб ҳовлисида ёзги амфитеатр барпо этилгани ёш истеъдодларнинг кичик концерт дастурлари уюштириб, ижодий салоҳиятларини юксалтиришида муҳим омил бўлади. Кенг ва шовқинни ўзида тутиб қолувчи шинам синф хоналарида барча қулайликлар мавжуд.
Муассасани замонавий жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида рояль, фортепиано, миллий ва Европа чолғу асбоблари келтирилди. Мактабнинг шинам кутубхонаси ўқувчиларнинг мусиқага оид назарий билимини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.
Нуриддин Раҳимов, ЎзА
Манба: ЎзА