Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарзанд тарбиясига эътиборсизлик қилган ота маъмурий жавобгарликка тортилди
2017-11-24 | Жамият
Президентимиз жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 10 ойи давомида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875, мактаб ўқувчилари томонидан 310 оғир ва ўта оғир жиноят содир этилгани ачинарли ҳол эканини алоҳида таъкидлади.
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга нима сабаб бўлмоқда? Ушбу нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкинмиди? Қандай омиллар ўқувчиларнинг жиноятга қўл уришига сабаб бўлмоқда?
Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги 13-мусиқа ва санъат мактабида Мирзачўл қишлоқ хўжалиги ҳамда агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича ўтказилган сайёр очиқ суд мажлисида шундай саволлар ўртага ташланиб, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Судда кўрилган “ҳеч бир сабабсиз” жанжалнинг сабаби аслида бундай бўлган: жорий йил 20 сентябрь куни Мирзачўл қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчилари Дилшод Турсунбоев, Бекжон Хўжааҳмедов, Наим Хонкелов, Келдиёр Исломов ва Отабек Сулаймонов Мирзачўл агроиқдисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқийдиган тенгдошлари Бобир Азизов ва Бекзод Неъматов билан “ҳисоб-китоб” қилиб қўйиш учун уларнинг йўлини тўсади. Жанжалда, албатта, кўпчилик томон озчиликни калтаклади. Жанжал кўпчилик озчиликни уйигача калтаклаб "етказиб" қўйиши билан якунланди. Натижада агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Бекзод Неъматов шифохонага тушди, Мирзачўл қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг беш нафар ўқувчиси маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ачинарлиси, ўқувчилар ўртасидаги ихтилоф гарчи анчадан буён давом этаётган бўлса-да, муштлашувгача бу ҳолга на ота-она, на маҳалла ва на билим юрти маъмурияти эътибор берди. Бефарқликнинг оқибати ўқувчилардан бирининг тан жароҳати олгани, беш нафарининг устидан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қўзғатилганидан сўнггина жамоатчилик эътиборини тортди.
Президентимиз видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Мазкур фикр ҳаётий ҳақиқат эканини судда кўрилган ушбу воқеа ҳам кўрсатиб турибди.
Беш нафар ўқувчининг маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишини кўриб чиқиш бўйича Арнасой тумани маъмурий суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида чиқарилган қонуний қарорга жабрланувчилар, айбланувчилар, уларнинг ота-оналари, коллежлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ўз муносабатини билдирди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Ҳатто ёшлигини ҳисобга олиб, унча-мунча айбини ҳам кечирамиз. Бу бағрикенглик судларда ҳам қўлланилаётир. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Суд қарор қабул қилишда ёшларни жазолаш эмас, тарбиялаш, хатоларини тузатишга имконият яратиш йўлини тутди.
Иш бўйича жавобгар бўлган Мирзачўл қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ёшлиги, қилмишидан пушаймонлиги инобатга олиниб, суд огоҳлантириш билан чекланди. Уларнинг яна бир шериги, вояга етмаган Отабек Сулаймоновнинг отаси Суннатилла Сулаймоновга фарзанд тарбиясига эътиборсизлик қилгани учун энг кам иш ҳақининг бир ярим баробари миқдорида жарима солинди.
– Судда ўқувчиларга қўйилган айблов улар тарбиясига масъул бўлган барчага дахлдор, – дейди “Нуроний” жамғармаси Мирзачўл тумани бўлими раиси Ш.Турсунов. – Бу ҳодиса биз, ота-оналар, тарбиячилар, маҳалла фаолларининг бефарқлиги, лоқайдлиги туфайли содир бўлди. Ҳеч биримиз “бу менинг болам эмас”, “менинг кўчамда бўлаётгани йўқ”, деган муносабат туфайли ёшларимиз жиноятчига айланиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.
Оқсоқол ҳақ. Бефарқлик, лоқайдлик – энг ёмон иллат. Бу мазкур воқеа туфайли ўтказилган суд жараёнида ҳам сезилди. Ҳатто фарзандининг тақдири ҳал бўлаётган суд мажлисида ҳам жавобгарларнинг ота-оналари, фуқаролар йиғини раисларининг айримлари қатнашмади. Бундай муносабатни қандай баҳолаш мумкин? Лоқайдлик, бефарқликнинг меъёри, бирор чегараси борми ўзи? Ҳушёрликни таъминлашда кичик ё майда-чуйда деган нарса бўлмайди. “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, “Бир таёқ бошни ёради” деганларидек, бундай эътиборсизлик катта нохушликларга олиб келиши мумкин.
Афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳамон беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб, кўрмасликка олиш иллатлари мавжуд. Орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлатнинг иши, “бунинг менга дахли йўқ”, деб ўйлайдиганлар бор.
Инсон учун ниҳоятда хатарли бўлган маънавий таҳдидлардан бири –бу бепарволик ва лоқайдликдир. Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Дарҳақиқат, бепарволик ва лоқайдлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донолар айтганидек, "душмандан қўрқма, нари борса сени ўлдириши мумкин. Дўстдан қўрқма, хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамдан қўрқ – у сени ўлдирмайди, сотмайди. Унинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.
Манба: ЎзА