Гулистонда Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун тантанали қасамёд қабул қилди.
Вилоятда 195 нафар профилактика инспектори фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ҳудудда осойишталикни таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда 60 нафар профилактика инспекторига замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калити тантанали равишда топширилди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг самарали ишлаши учун уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, иш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик туфайли бизга хизмат ҳудудимиздан барча қулайликларга эга уй-жой ҳамда имтиёзли кредит асосида машиналар берилди, – дейди Сардоба тумани Файзлиобод маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Ж.Холбоев. – Бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширади, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида меҳнат қилишга ундайди. Бугун биз ўз вазифамизни сидқидилдан бажаришга қасамёд қилдик. Халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаш йўлида бор билим ва салоҳиятимизни ишга соламиз.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, ички ишлар вазири П.Бобожонов иштирок этди.
Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА