Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон халқ артисти Саттор Ярашев ҳаёти ва ижодига бағишланган кеча бўлиб ўтди
2017-11-24 | Маданият
Ўзбекистон халқ артисти Саттор Ярашев ўзига хос ижро ва ширали овози билан элимиз қалбидан чуқур жой олган санъаткор эди. Айниқса, у «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмасида Фарҳод, «Тоҳир ва Зуҳра»да Тоҳир, «Лайли ва Мажнун»да Мажнун, «Шоир тақдири»да Фурқат, «Дилором»да Моний, «Гулсара»да Қодир каби ролларни маромига етказиб ижро этган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистон халқ артисти Саттор Ярашев ҳаёти ва ижодига бағишланган кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар миллий операмиз дарғаси Саттор Ярашев ижоди маданият ва санъатимиз ривожида муносиб ўрин эгаллаб, у ижро этган роллар ва мусиқий асарлар халқимизнинг маънавий меросига айлангани хусусида сўз юритди.
Саттор Ярашев 1917 йилда Бухоро вилоятида деҳқон оиласида туғилган. У ўша пайтда қўнғироқдай овози билан Вобкент тумани ҳаваскор театр жамоаси раҳбари Абдулла Ортиқовнинг назарига тушган эди. Истеъдодли ижодкор шу тариқа санъат оламига қадам қўйган. Аввал Бухоро шаҳрида, кейинчалик Тошкентдаги ижодий фаолияти билан ёш артист халқимизга оммавий халқ қўшиқлари ижрочиси сифатида танилган. С.Ярашев П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясининг Ўзбек опера студиясида таълим олгач, ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида узоқ йиллар ишлаган.
– Устозимиз Саттор Ярашев ҳар бир роли ва ашуласи устида тинмай ишларди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Гулгина Зокирова. – Бу эса унинг ижросида яққол намоён бўларди. У ижро этган роллар ҳаётий ва ишонарли, ариялари, қўшиқлари инсон кўнглига ором ва таскин берарди. Айниқса, унинг ижросидаги Муқанна, Ниёз, Омон, Чўпонали каби ёрқин образлар талқини ҳанузгача кўз ўнгимизда қайта-қайта гавдаланади. Бугунги ижодий кечада ёш артистларимиз "Дилором" операсидан Моний арияси, "Майсаранинг иши" операсидан чўпон арияси, «Лайли ва Мажнун» операсидан Қайс ариясини ижро этар экан, биз уларни Саттор Ярашевнинг издошлари, деб айта оламиз. Бундай иқтидор эгалари улуғ сиймолар қолдирган мусиқий меросни қадрлаши ва уларни келажак авлодга етказишига ишонамиз.
Кечада "Устозни хотирлаб" ҳужжатли фильми ҳамда театр жамоаси ва таниқли санъаткорлар ижросида концерт намойиш этилди.
Манба: ЎзА