Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Сенатида учрашув
2017-11-22 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 22 ноябрь куни Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган муносабатлар қарор топгани қайд этилди. Икки давлат раҳбарларининг мулоқотлари, шу йил сентябрь ойида Нью-Йоркда ўтказилган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани таъкидланди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация асосида тараққий этмоқда. Парламентлар ҳамда ҳукуматлар даражасидаги икки томонлама ташрифлар фаоллашгани сиёсий, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият бошқарувини ислоҳ қилишда муҳим асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, қўшни давлатлар билан дўстона алоқалари ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
– Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик, – деди Т.Келли. – Парламентлар ўртасида икки томонлама ташрифлар фаоллашгани бу борадаги ўзгаришлар ҳақида фикрлашиш, қонун ижодкорлиги бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун қулай шароит яратмоқда.
Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни, хусусан, таълим, маданият, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги йўналишларида самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш хусусида фикр алмашилди.
Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Манба: ЎзА