Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар танловининг вилоят босқичи ўтказилди
2017-11-22 | Жамият
Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ўзбек тили ва адабиёти чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб-интернатида ташкил этилган тадбирда 100 нафар истеъдодли қиз адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишларида билими ва салоҳиятини намойиш этди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали ўрнатилиб, халқимизнинг икки буюк шоири хотирасига ижодкорлар боғи, мактаб-интернат барпо этилиши ёшларнинг шоира ижодига қизиқишини янада ошириш, унинг издошлари кўпайишига хизмат қилаётир.
Танлов аввалида иштирокчилар адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали пойига гул қўйди. Шоирлар номи билан аталувчи музейда бўлиб, адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирган ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти билан танишди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгандан буён вилоятда бу юксак унвонга сазовор бўлган 17 қизнинг аксарияти бугунги кунда илм-фан, маданият, адабиёт, санъат соҳаларида самарали фаолият юритмоқда.
– Зулфия мукофотини олиш жиззахлик қизлар учун алоҳида шарафга айланди, – дейди Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Тўраева. – Мукофотга талабгор қизларимиз сафи кенгайиши билан уларнинг билим ва истеъдодини баҳолаш талаблари ҳам ошиб бормоқда.
Иштирокчилар адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият йўналишлари бўйича билимини, миллий қадриятларимиз, Ватанимиз тарихи, жаҳон маданияти мероси ҳақидаги тушунчалари кенг эканини намойиш этди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар моҳиятини теран англаши ҳамда уни ўз фаолиятига татбиқ қилишга астойдил интилиши ҳайъат аъзолари томонидан холисона баҳоланди.
Ҳар бир йўналиш бўйича энг яхши натижага эришган иштирокчи танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Манба: ЎзА