Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Германия: савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик янги ўсувчанликни касб этмоқда
2017-11-22 | Сиёсат
Жорий йил 14-17 ноябрь кунлари Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ташриф билан Германияда бўлди.
Ташриф доирасида Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мазкур бирлашмага аъзо бўлган етакчи компаниялар, жумладан, Knauf, MAN, Siemens, Claas, Commerzbank, Airbus, SAP, Deutsche Kabel ҳамда ГФР Ташқи ишлар вазирлиги, Германия иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги, Немис иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг вакиллари иштирок этдилар.
Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси, “Knauf” компанияси ижрочи директори Манфред Грундке йиғилишни очар экан, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ушбу ташрифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ишбилармонлар кенгашининг ҳамраислигига тайинланиши Тошкентнинг немис бизнесига нисбатан алоҳида эътибори ва ишончидан далолат беришини қайд этди.
М.Грундке таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар ҳозирнинг ўзидаёқ катта самарасини кўрсатгани ҳолда хорижлик сармоядорлар учун ўзбек бозоридаги иштирокини кенгайтириш учун муҳим ишора бўлди. Унинг айтишича, Германиянинг етакчи компаниялари валюта бозорини эркинлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни катта умид ва ишонч билан қабул қилди. Йигирма йилдан зиёд давр мобайнида мамлакатимиз билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келаётган немис бизнеси, молиявий муассаса ва ташкилотларнинг вакиллари фаолият олиб боришда қўллаб-қувватлаётгани ва зарур шароитларни яратаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдиришгани ҳолда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш юзасидан манфаатдорлик изҳор этдилар.
Тадбир чоғида Ўзбекистон иқтисодиётига илғор технологияларни ва ноу-хауни жалб қилиш, шунингдек, таълим, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилди.
Учрашув якунлари бўйича Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2018 йилнинг биринчи ярмида Тошкентда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Немис иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ва Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши Германия Федератив Республикасининг 200 дан зиёд етакчи компания ва банклари вакиллари иштирокида ташкил қилинган қўшма бизнес-форум ушбу ташриф доирасидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.
Анжуманни очар экан, Бавария Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт, ОАВ, энергетика ва технологиялар вазири Илзе Айгнер бугунги кунда «Ўзбекистон – келажак бозори» эканлигини қайд этиб, Германия бизнес-ҳамжамияти мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини тасдиқлади. У, шунингдек, машинасозлик, энергетика, электротехника, енгил ва дори-дармон саноатида, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ва бошқа йўналишлардаги саноат кооперацияси учун мавжуд бўлган кенг имкониятлар юзасидан ҳам атрофлича фикр юритди. Бавария компаниялари мамлакатимизда очилаётган имкониятлардан фойдаланишга, тез ривожланаётган ўзбек бозорида ўз ўрнини эгаллашга улгуришга даъват этилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳам Европадаги энг бақувват иқтисодиётга эга бўлган, дунёнинг саноати равнақ топган етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланадиган Германия билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши ҳамда бизнес-форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, республикамизда хорижий сармоядорларнинг тадбиркорлик фаолияти учун ҳуқуқий жиҳатдан барча шароитлар яратилгани ҳақида баёнот берди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ўзавтосаноат» АК ва Германиянинг MAN, Knauf, Siemens компаниялари ҳамда KfW банк тизимига кирадиган DEG Сармоялар ва ривожланиш бўйича немис жамияти вакиллари иштирокида бўлиб ўтган музокаралар тадбир қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар ўзларининг Ўзбекистон бозоридаги узоқ йиллик муваффақиятли ҳамкорлиги тажрибаларини ўртоқлашар экан, ишбилармонларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.
Бизнес-форум якунлари бўйича 1,3 миллиард АҚШ доллари ҳажмига тенг бўлган 70 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Уларда энергетика, нефть-газ, кимё жабҳаларида, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сайёҳлик ва бошқа йўналишлардаги сармоявий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш кўзда тутилган.
Жумладан, MAN Truck & Bus AG компанияси билан «JV MAN Auto-Uzbekistan» корхонаси базасида сайёҳлар учун мўлжалланган автобуслар ва Волксwаген Амарок русусмли пикап автомобильларини ишлаб чиқариш, Knauf халқаро компанияси билан «Бухорогипс» қўшма корхонасида гипсокартон ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Viessmann гуруҳи билан икки контурли иситиш қозонлари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, Босч компанияси билан 2018 йил январьида Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиши юзасидан келишувларга эришилди.
Юқоридагилардан ташқари, Германиядаги йирик Siemens компанияси билан Ўзбекистонда «Хавфсиз шаҳар» мажмуини барпо этиш, Тошкентда ўзининг ўқув марказига эга бўлган онкология, неврология, кардиология ва травматология қўшма клиникасини ташкил қилиш бўйича лойиҳани амалга ошириш бошланади. Жаҳонга машҳур TUI Group сайёҳлик компанияси ўзбек шериклари билан сайёҳлик соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этади.
Шунингдек, Германиянинг Deutsche Bank, Commerzbank, AKA Bank сингари расмий молиявий муассасалари сармоявий лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнес, савдо операциялари учун кредит линияларини тақдим этиш ниятидадир.
Мамлакатимиз маҳсулотлари экспортини кенгайтириш мақсадида Германия Федератив Республикасида Ўзбекистон савдо уйини очиш тўғрисидаги шартнома, сарҳил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари ва ўзбек корхоналарининг бошқа товарларини Германияга етказиб бериш юзасидан шартномалар имзоланди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бавария Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт, ОАВ, энергетика ва технологиялар вазири Илзе Айгнер, меҳнат, ижтимоий ҳимоя, оила ва интеграция вазири Эмилиа Мюллер, TUI Group, Bosch, Papenburg, Deutsche Bahn, Siemens, HeidelbergCement, MAN, SAP, Volkswagen, Humana, Airbus, BASF, Falk Porsche Technik, Knauf, TAKRAF, Daimler, Viessmann, Textima Export Import, Teichmann Group компаниялари ҳамда Deutsche Bank, KfW, Commerzbank, AKA Bank, Credit Suisse (Швейтсария) сингари йирик молия муассасаларининг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказишди. Улар BMW, Knauf, Siemens, Bionorica ва бошқа ишлаб чиқариш компанияларида ҳам бўлдилар.
Тадбирлар якунлари бўйича «Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири немис бизнесининг айрим вакиллари билан суҳбатда бўлиб, Ўзбекистон–Германия амалий ҳамкорлигининг истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашишини сўради.
- Ўзбекистонда мамлакат иқтисодиётига сармоя киритган, иш ўринлари яратишга кўмаклашган ҳамда тажриба ва технологияларини баҳам кўрган кўпгина немис компаниялари фаолият кўрсатмоқда, -деди Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори, Deutsche Kabel AG Taschkent сармоядори Фалк Порше. –Яқинда ташкил этилган ишбилармонлар кенгашимиз немис ишбилармон ва саноат доиралари ўртасида катта эътиборни ўзига жалб қилди. Германиянинг 30 дан зиёд йирик компаниялари унинг сафига қўшилгани бу фикрни тасдиқлайди. Уларнинг кўпчилиги бутун жаҳонга машҳур компаниялардир. Кенгашимизнинг вазифаларидан бири - немис бизнеси учун Ўзбекистон «эшикларини очиш».
Александер Каис, Керми ГмбҲ компаниясининг бошқарувчи директори:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётнинг барча жабҳаларида самарали ўзгаришларни амалга оширишга ҳамда республикада тадбиркорлик муҳитини такомиллаштиришга алоҳида урғу берилган. Немис ишбилармон доиралари олдида Ўзбекистон томонининг далил-исботлар билан асосланган чиқишлари манфаатдор шериклар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан бизларни рағбатлантирди.
Ян-Дитер Брунс, Брунс Пфланзен компанияси вакили:
– 1876 йилда асос солинган «Bruns Pflanzen» декоратив дарахтлар, бута ва ўсимликлар етиштириш бўйича Европадаги энг йирик ва энг кўҳна компаниялардан бири ҳисобланади. Германия ишбилармон доиралари вакиллари мамлакатингиздаги сармоявий муҳит ва ўзгаришлар, айниқса, республика раҳбарияти ва ҳукуматининг Германия билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатъий иродаси ҳақида аниқ-равшан тасаввурга эга бўлдилар.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Германияга ташрифи икки томонлама муносабатларга янги туртки берди. Юқори даражада ўтказилган тадбирлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган салмоқли салоҳият, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни яна мустаҳкамлаш юзасидан муштарак манфаатдорликнинг мавжуд эканлигини кўрсатди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги