Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали ёндашувлар

2017-11-22 | Жамият

Тошкентда 21 ноябрь куни «Инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича қиёсий кўрсаткичлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуида халқаро конференция бошланди. 

Конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури ва Ф.Эберт номидаги жамғарманинг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Унда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази экспертлари, шунингдек, Словакия, Хитой ва бошқа мамлакатлардан таниқли сиёсатшунос ва ҳуқуқшунослар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Халқаро конференциянинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича халқаро амалиётни ўрганиш, миллий кўрсаткичларни белгилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг алоҳида тоифалари, жумладан, фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳуқуқлар ҳамда глобаллашув ва ахборот технологиялари шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилишни таъминлашга доир кўрсаткичларни ишлаб чиқишдан иборат. 

Анжуманда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар самарадорлигини баҳолаш, гендер тенглиги даражаси ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни ўлчаш индикаторлари, инсон ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш даражасини ўлчаш учун қиёсий кўрсаткичлар каби йўналишларда миллий ва халқаро тажриба муҳокама этилди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Грауманн ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократия ва инсон ҳуқуқларининг замонавий мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизим яратилди. Давлат ва жамият ҳаётини эркинлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кафолатлайдиган қонунчилик базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чоралар амалга оширилди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида «Инсон ва унинг қадр-қиммати» деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди. Буни амалда таъминлаш механизм ва кафолатлари қонунларимизда мустаҳкамланди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш мақсадида 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. 

Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 20 дан ортиқ қонун, Президентнинг 700 дан ортиқ фармон ва қарорлари, Ҳукумат ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлардан мақсад мамлакатни янада модернизациялаш, қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг фаровонлигини яхшилашдан иборатдир. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган, жумладан, БМТнинг ўнта асосий ҳужжатини ратификация қилган. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига риоя этиш ҳамда уни ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятларини тўла бажариб келмоқда. 

Давлатимиз БМТнинг устав ва шартномавий органлари, ихтисослаштирилган муассасалари ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг махсус тартиботлари билан фаол ва амалий мулоқотни қўллаб-қувватлайди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари Кенгаши махсус тартиботлари билан ҳамкорлик уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилмоқда. 

2017 йилда Ўзбекистонга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ташриф буюрди. 

Олий комиссар ташрифи якунлари бўйича мамлакатимиз парламенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида 90 дан ортиқ тадбирни ўз ичига олган. 

– 2017 йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилган йил сифатида тарихда қолади, – деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Ришард Коменда. – Ушбу йўналишдаги ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар халқаро стандартларга мослиги, уларда инсон манфаатлари амалда ўз ифодасини топаётгани диққатга сазовор. Ўзбекистон парламенти томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар режасига мувофиқ ўтказилаётган ушбу конференция ҳамкорликдаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини қонунчиликка биноан ҳимоя қилишда фаол иштирок этмоқда. Жорий йилда юртимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг судга дахли бўлмаган янги механизми – Бизнес омбудсман ташкил этилди. 

Мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларининг ҳар хил тоифалари таъминланган ҳолда вазият мониторингини олиб бориш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича маърузалар тайёрлаш, шунингдек, БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш бўйича катта тажриба тўпланди. 

Ўтган йиллар мобайнида БМТнинг шартномавий органларига Ўзбекистоннинг 35 дан ортиқ маърузаси тақдим этилди. Давлат органлари томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларни кўриб чиқиш якунларига оид БМТнинг шартномавий органлари тавсияларини бажариш юзасидан 10 дан ортиқ Миллий ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, амалиёт инсон ҳуқуқларини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқларининг у ёки бу соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишни давом эттириш тегишли воситалар мавжудлигига боғлиқлигини кўрсатмоқда. Зеро, кўрсаткичлар тараққиёт мезонларини ўлчашда муҳим воситадир. Уларнинг қўлланилиши инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ реал вазиятни ўрганиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш бўйича келгуси вазифаларни ишлаб чиқиш имконини беради. 

Кўрсаткичлардан миллий даражада кенг фойдаланилади ва самарали бошқаришда ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича кўрсаткичлар ва йўналишларни қўллаш давлатга инсон ҳуқуқларини имплементация қилишда самарали мониторинг олиб бориш ва тараққиёт мезонларини баҳолаш имконини беради, бу йўлдаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этишга кўмаклашади. 

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналишини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини ҳамда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш бўйича қонуний ва ташкилий чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Жаҳон стандартларига мувофиқ судьялар ҳамжамиятининг янги конституциявий органи – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Суд ваколатлари муддати узайтирилди. Суд томонидан асоссиз равишда ишларнинг чўзилишига йўл қўймаслик учун ишларни кўриб чиқиш муддати тубдан ўзгартирилди. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача қисқартирилди, адвокатларнинг суд фаолиятидаги роли кучайтирилди. Мазкур чоралар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ва шартнома асосидаги органлари томонидан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботларини кўриб чиқишда билдирилган тавсияларга тўла жавоб беради. 

– Ўзбекистонда БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази маслаҳатчиси Изабель Чан. – Мамлакатингиз билан ҳамкорлигимиз мазкур мақсадларни амалга ошириш йўлидаги иқтисодий, ижтимоий, атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ривожлантиришга доир масалаларни ҳал қилишга қаратилган. Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ишлаш жараёнида биз инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзгаришлар ясайдиган индикаторлар киритишни мўлжалламоқдамиз. 

Халқаро конференцияда БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитаси раиси, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Россия Федерацияси, Тожикистон Омбудсманлари, шунингдек, Озарбайжон ва Польша Омбудсман институтлари вакиллари иштирок этди. 

– Мен ўтган йили ҳам Ўзбекистонга келган эдим ва бир йил ичида жамиятингизда улкан ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўлдим, – деди Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова. – Бу янгиланишлар, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фуқаролик жамиятига бутунлай янгича муносабатни шакллантиргани билан боғлиқ. Бугун Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ҳар бир фуқарога давлат органлари билан мулоқот қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш, нотўғри қарорлар текширилишини талаб қилиш имконини бермоқда. Мамлакатингизда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида ҳам ижобий ишлар қилинмоқда. 2017 йилнинг ўтган даврида ноқонуний диний оқимларга адашиб кириб қолган 16 минг фуқаро диний оқимларга мойил шахслар рўйхатидан чиқарилгани ва соғлом жамиятга қайтарилганининг ўзи инсон ҳуқуқларига катта аҳамият қаратилаётганидан далолатдир. 

Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралиши ва халқаро шериклар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилишини қайд этди. 

Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонни янада ривожлантириш доирасида инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоялангани нуқтаи назаридан давлатнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, экологик, ҳуқуқий сиёсатини баҳолаш индикаторлари тўпламини ишлаб чиқиш муҳимдир. 

Конференциянинг ялпи ва шўъба йиғилишларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт мезонлари, бу борадаги халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси, мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди. 

Халқаро анжуман доирасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга бағишланган кўргазма ташкил этилди. 

Конференция 22 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўз ишини давом эттиради. 

 
Матназар Элмуродов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться