Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзларига ишониб топширилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга тантанали қасамёд қилди.
Унда турли вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, ички ишлар ходимларининг оила аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари С.Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов ва бошқалар мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари аҳолининг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб, жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Президентимиз раҳнамолигида ички ишлар органларини ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда юксак самаралар бераётир.
Наманган вилоятида ҳам профилактика инспекторларининг ўз ҳудудида хизмат вазифасини тўлақонли бажариши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторлари босқичма-босқич хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида шахсий автомашина билан таъминланмоқда.
Тадбирда профилактика инспекторларининг бир гуруҳига замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган “Матиз” автомобили калити тантанали равишда топширилди.
– Бугун мен осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун тантанали қасамёд қилдим, – дейди Янгиқўрғон тумани Мамай маҳалласидаги 424-таянч пункти профилактика инспектори И.Тўхтабоев. – Шу чоққача ишга Чортоқдан, 70 чақиримдан ортиқ йўл босиб келар эдим. Энди ўзим масъул бўлган ҳудуд аҳолиси ва оилам билан туну кун бирга бўламан. Бу фаолиятимизни янада самарали ташкил қилишда муҳим роль ўйнайди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА