Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда халқаро тадбиркор аёллар куни нишонланди
2017-11-21 | Иқтисодиёт
Пойтахтимизда “Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва аҳамияти” мавзуида конференция бўлиб ўтди.
Тадбир “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Хотин-қизлар қўмитаси кўмагида ташкил этилди.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Г.Маҳмудова, парламент Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар туфайли аёллар тадбиркорлиги, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ишбилармон аёллар иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
АҚШ Халқаро ривожланиш агентлигининг Ўзбекистондаги директори Г.Роббинс, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор ва бошқалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси хорижий ҳамкорлар сонининг ортишига хизмат қилаётгани, бунда хотин-қизларнинг хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Конференцияда маҳсулот ва хизматлар экспортида тадбиркор аёллар фаоллигини ошириш, уларнинг экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бунда ассоциациянинг ўрни ва аҳамияти масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда 19 ноябрь – Халқаро аёллар тадбиркорлиги кунини нишонлаш таклиф қилинди.
– Ўзбекистонда Халқаро аёллар тадбиркорлиги кунини ўтказиш ушбу соҳанинг янада юксалишига хизмат қилади, – дейди пойтахтимиздаги «Шох продукт плюс» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Назира Исроилова. – Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ўз бизнесини бошлашида тажрибали тадбиркорлардан маслаҳат олиши, етакчи, ихтирочи, янгиликка интилувчан ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ушбу сананинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Конференцияда хорижий ва маҳаллий экспертларнинг аёллар тадбиркорлиги, унинг ривожи ва иқтисодиётимиздаги ўрни, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда долзарб вазифалар ҳақидаги маърузалар тингланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Манба: ЎзА