Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юнусобод тумани ёшлари форуми
2017-11-20 | Жамият
Ёшлар ижод саройида ўтказилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Юнусобод туман кенгаши сардорлари форумида туман мутасаддилари, ўқитувчилар, фаол ёшлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди. “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди, туман ёшлари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман етакчилар кенгаши раиси Иброҳимбек Омонқулов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ёшларининг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун барча шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тимсолида юртимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик янги босқичга чиқди. Ўз навбатида, ёшларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортмоқда. Бу жиҳатлар юнусободлик ёшлар ҳаётида ҳам яққол кўзга ташланади.
Туманда 170 мингдан зиёд ёш авлод вакиллари камол топмоқда. Улар орасида нуфузли халқаро спорт ва фан мусобақалари ғолиблари, кўплаб иқтидор эгалари, ёш олимлар бор. Ҳисоботда маълум қилинганидек, тумандаги 39 умумтаълим мактаби, 12 ўрта махсус таълим, 4 олий таълим муассасаси, корхона ва ташкилотларда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари етакчилари ва аъзолари сайланган.
Бугунга қадар Ёшлар иттифоқи фаоллари ташаббуси билан спортнинг 10 дан ортиқ тури бўйича мусобақалар, кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, китобхонлик кўргазмалари ўтказилган. Тил ўрганиш учун бепул курслар ташкил этилди. Бу каби тадбирларга уюшмаган ёшларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ фаол ёшлар, уларнинг ота-оналари, устозлари тақдирланди.
Манба: ЎзА