Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бир туп ёнғоқ етти авлодни баҳраманд этади
2017-11-20 | Иқтисодиёт
Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятларга ташрифи чоғида фермер ва деҳқонлар билан учрашиб, аҳоли хонадонларида бўлиб, лимон, ёнғоқ, анор ва бошқа сердаромад дарахт ва экинлар экиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш борасида зарур кўрсатмалар бермоқда.
Юртимизда лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, 2017-2021 йилларда ёнғоқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. У қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: 2017-2019 йиллар – ёнғоқ кўчатларини юртимизга олиб келиш, 2018-2019 йилларда ёнғоқ пайвандтагларни келтириш, 2020 йилда лаборатория шароитида ёнғоқнинг тегишли минтақа табиий-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларини ишлаб чиқиш, 2018-2020 йилларда ёнғоқ етиштириш, уни ички ва ташқи бозорда сотишни йўлга қўйиш.
Дастур ижросини таъминлаш, лалми ерларда, хусусан, тоғли ҳудудларда ёнғоқ етиштириш, мўл ҳосил олиш ва экспортини кенгайтириш мақсадида Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилди.
Уюшма аъзолари 2020 йилга қадар хориждан олиб келадиган томчилатиб суғориш ускуналари, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, ёнғоқ кўчатлари, пайвандтаглари, пайвандустлари, оналик материаллари божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилди. Ёнғоқ плантацияларини барпо этиш лойиҳаларига халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобига 50 миллион долларгача бўлган кредит маблағлари ажратилади.
– Биз серҳосил ёнғоқ плантацияларини яратиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, ёнғоқ етиштирувчилар малакасини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича ташкилий ишларни бошлаб юбордик, – дейди Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Камол Абдуллаев. – Ўтган қисқа фурсатда Самарқанд вилоятида 500 гектарда ёнғоқнинг «Chandler» навини экдик. Яна етти минг гектар майдонни ёнғоқ экишга тайёрлаш юмушлари якунланмоқда.
Бугун бу борада қатор ютуқларга эришаётган корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда. Улардан бири – Тошкент вилоятидаги “Mevali plants” Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонасидир.
Қўшма корхона интенсив боғлар учун халқаро андозаларга мос ўндан зиёд мева турининг экспортбоп навларидан кўчат етиштирмоқда. Корхона мутахассислари кўчатларни харид қилган боғбонларга беш йил давомида боғ парвариши, томчилаб суғориш тизимини татбиқ этиш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш борасида илмий-амалий ёрдам кўрсатади. Ёнғоқзорлар яратишга қаратилган эътибор қўшма корхона жамоасини янги ташаббуслар сари ундамоқда. Хусусан, ёнғоқ кўчатлари йўналишида “Chandler yong‘oq bog‘lari” бренди ташкил қилинди.
Айни вақтда Юқори Чирчиқ туманида қўшма корхонада етиштирилган ёнғоқ кўчатларидан 10 гектар ёнғоқзор ташкил этилди. Баҳорда яна 150 гектар майдонда экиш учун интенсив кўчатларни тайёрлаш ишлари якунланмоқда. Жамоа, шунингдек, хорижлик мутахассислар билан учрашувлар ва ўқув семинарлари ҳам ташкил этмоқда.
– Жорий йилнинг августида ёнғоқ етиштириш борасида замонавий усулларни ўрганиб келиш учун агротур ташкил этиб, ўнга яқин тадбиркорни Туркияга олиб бордик, – дейди "Mevali plants" қўшма корхонаси таъсисчиси Мансур Раҳимов. – 2018 йилда ҳам бу анъанани давом эттириб, бир гуруҳ тадбиркор, фермерларни Испанияда малака оширишини ташкил қилишни мўлжаллаб турибмиз.
Вилоятларда ёнғоқ плантацияларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, барча вилоятларда ҳар бир хонадонда 10 туп ёнғоқ кўчати экиш ташаббуси илгари сурилиб, Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ёнғоқ кўчатларини экиш учун қулай ер участкалари ажратилмоқда.
– Халқимизда «Бир туп ёнғоқ эксанг, ҳосилидан етти авлодинг баҳраманд бўлади», деган гап бор, – дейди хатирчилик Суннат Носиров. – Зеро, ёнғоқ кўп йиллик дарахт, жуда секин ўсади ва узоқ умр кўради. Қишлоғимизда асосан маҳаллий ёнғоқ навлари – тош ёнғоқ, юпқа пўчоқли ёнғоқ ўсади. Бир туп вояга етган катта ёнғоқдан 500 килограммгача ҳосил олиш мумкин.
Ёнғоқзорлар барпо этиш учун юртимизда ер ҳам, имконият ҳам етарли. Қолаверса, ҳадемай, тоғолди ерларига, дарё қайирларига эрта ҳосил берувчи ёнғоқ навлари экишга киришилади. Бу келажакда бозорлар тўкинлиги янада ошади, дегани.
Манба: ЎзА