Марказий кўргазмалар залида "Хотира" деб номланган ретроспектив кўргазма бошланди
Бадиий академия, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон корейс маданияти марказлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада мамлакатимизда истиқомат қиладиган корейс миллатига мансуб рассомлар ижоди билан танишиш мумкин.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг ягона оила фарзандлари бўлиб яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши билан боғлиқ ҳуқуқий кафолатлар Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг аҳил ва ҳамжиҳат яшаши йўлидаги имкониятлар, тинч ва осойишта, ижтимоий барқарор муҳит, миллат ва диний конфессиялар ўртасидаги тотувликни таъминлашга оид узоқни кўзловчи одилона сиёсат халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Бу йил мамлакатимизда корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг истиқомат қилаётганига 80 йил тўлди. Кўргазмадан ўрин олган асарлар ҳам ўзбекистонлик корейс ижодкорларининг бағрикенг, самимий, меҳмондўст ўзбек халқига миннатдорлигининг, Ватанимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиромининг ўзига хос ифодаси, деб аташ мумкин.
– Мен шу заминда оила қурдим, ўзим, турмуш ўртоғим, фарзандларим таълим олдик, мутахассисликка эга бўлдик, – дейди Татьяна Ли. – Умр йўлдошим Анатолий Нагай рассом эди. Экспозициядан унинг ҳам асарлари ўрин олган. Ўзбекистон фуқароси эканимдан ғоят фахрланаман. Шу табаррук диёрда кўрган меҳр ва эътибор, ғамхўрлик учун ўзбекистонликлардан умрбод миннатдормиз.
Экспозицияда рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, фото, замонавий тасвирий санъатга оид 200 га яқин ижод намунаси томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.
Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА