Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги доирасида Фарғона вилоятида ҳам турли тадбирлар ўтказилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётида тобора муҳим ўрин тутмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирган аҳоли вакилларига ҳар томонлама кўмак бериш бўйича вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Глобал тадбиркорлик ҳафталиги – бу истиқболли лойиҳаларни амалиётда қўллаётган, тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга туртки берадиган лойиҳалар ишлаб чиқаётган ташаббускорлар ва иш берувчиларга мўлжалланган халқаро тадбир ҳисобланади. Бундай тадбирлар дунёнинг 160 дан зиёд мамлакатида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинади ва бизнесни ривожлантириш учун таклифлар ишлаб чиқишда ўзига хос майдон вазифасини ўтайди.
Фарғонада ҳафталик доирасида бўлиб ўтган тадбирлар ҳам қизғин ва янги ташаббусларга бой бўлди. Тадбир иштирокчилари Фарғона шаҳридаги “Туронтекстиль” масъулияти чекланган жамияти, "UZSUNGWOO" Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида бўлиб, бу ердаги иш жараёни билан танишди. Тошкентдан келган ишбилармонлар ўз бизнес тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
– Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун кенг имконият ва қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров. – Бугунги кунда вилоятимизда 8 мингдан ортиқ ёш тадбиркор фаолият юритмоқда. Бундай тадбирлар ёшлар ўртасида бизнесни ривожлантириш борасида янги таклифлар ишлаб чиқиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш каби эзгу ишларга хизмат қилади.
Тадбир доирасида “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди, маърузалар тингланди.
Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА