Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги қонун лойиҳаси муҳокамада
2017-11-17 | Жамият
Пойтахтимизда “Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни бошқариш механизмларини ривожлантириш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, Германия Молия вазирлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.Ғуломов, Парламент қуйи палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов ва бошқалар Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ корпоратив бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларини жорий этиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорларнинг ролини кучайтириш назарда тутилганини таъкидлади.
Ҳаракатлар стратегиясининг жорий йилда амалга ошириладиган давлат дастурида “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши белгиланган. Шу муносабат билан семинар жараёнида Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган мазкур қонун лойиҳасининг мазмуни ва моҳияти атрофлича ёритиб берилди.
Мазкур Қонун лойиҳаси давлат мулкини бошқаришнинг уйғунлашган тизимини барпо этиш, давлат органлари ваколатларини аниқ белгилаш, давлат мулкларини бошқаришни амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳада давлат сиёсатини олиб бориш учун жавобгарликни оширишга йўналтирилган. Қолаверса, давлат мулкларини самарали бошқариш асослари қонунчилигини такомиллаштириш, давлат мулкларини бошқариш субъектларини аниқлаш, уларнинг ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва мажбуриятларини, давлат мулкини бошқариш мақсади, механизми ва тамойилларини белгилашни назарда тутади.
Семинарда иштирокчилар давлат улуши мавжуд хўжалик субъектларида замонавий корпоратив бошқарув усулларининг жорий этилиши бўйича кўрилаётган чоралар билан таништирилди.
Мамлакатимизда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича 1 минг 178 давлат улуши мавжуд корхоналарда ижроия органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари жорий этилди. 2016 йил якунлари бўйича уч юзга яқин акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш ўтказилди. Шундан 244 акциядорлик жамияти қониқарли, ўттиздан ортиқ акциядорлик жамиятида ушбу кўрсаткич юқори деб топилди.
2017 йил 9 ой якунлари бўйича 1 минг 734 тингловчи корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг ўқув курсларида иштирок этди, шундан юзга яқин тингловчи Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан биргаликда ташкиллаштирилган курсларда ўқиди. Келгусида элликка яқин юқори даражада ўзлаштирган тингловчилар Германиянинг компанияларида тажриба ўташга юборилади.
– Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз ва бу ҳамкорликни янада кенгайтирамиз, – дейди ҳуқуқий масалалар бўйича эксперт Ханс-Йоахим Шрамм (Германия). – Корпоратив бошқарув билан боғлиқ ҳуқуқий ҳужжатлар барқарор иқтисодий ривожланишда муҳим аҳамият касб этади. Юртингиз билан соҳадаги янги ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқариш, ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.
Семинарда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, соҳага янги услубларни жорий этишга оид маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА